Иқтисод

Тошкент тумани Хитойдан инвестициялар жалб қилмоқда

Тошкент тумани Хитойдан инвестициялар жалб қилмоқда
Тошкент тумани Хитойдан инвестициялар жалб қилмоқда / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент тумани ҳокими Сардорбек Эргашев Хитойнинг Ляньюньган шаҳрига ташрифи давомида ҳудудга янги инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари бўйича музокаралар ўтказди.

Томонлар Yingyou Xinlichen Textile Technology компанияси билан тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Учрашувлар давомида Ляньюньганнинг иқтисодий ва саноат салоҳияти, илғор ишлаб чиқариш тажрибаси ҳамда Тошкент туманида замонавий технологияларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунлари бўйича Yingyou Xinlichen Textile Technology компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ҳужжат замонавий тўқимачилик технологиялари, ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорликни назарда тутади.

Хитой томонига Тошкент туманининг инвестициявий имкониятлари, мавжуд саноат инфратузилмаси ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳам тақдим этилди.

Эришилган келишувлар ҳудудда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.