Иқтисод

Жанубий Корея Ўзбекистондан қурувчиларни жалб қилади

Жанубий Корея Ўзбекистондан қурувчиларни жалб қилади
Жанубий Корея Ўзбекистондан қурувчиларни жалб қилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Корея Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан қурилиш соҳасидаги малакали мутахассисларни E-7 визаси асосида ишга қабул қилишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Кўриб чиқилаётган лойиҳа доирасида бошланғич ойлик маош 2 156 880 вонни ёки тахминан 1 560 долларни ташкил этади. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон фуқаролари учун Корея меҳнат бозоридаги имкониятларни кенгайтириш истиқболларини Миграция агентлиги директори Мухсинхожа Абдурахмонов қурилиш соҳасидаги рекрутинг компаниялари вакиллари билан муҳокама қилди. Учрашувда Worksmate асосчиси Ким Се-вон ва Hyun Ju раҳбари Ли Си-док иштирок этди.

Айни пайтда икки давлат ўртасида амал қилаётган EPS тизими доирасида меҳнат мигрантлари E-9 иш визалари асосида Жанубий Кореяга уюшган тарзда юборилмоқда. Томонлар қурилиш йўналиши бўйича EPS-TOPIK имтиҳонини муваффақиятли топширган номзодларни танлаш жараёнини фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Агентлик Кореянинг қурилиш компаниялари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда уларга ўзбекистонлик номзодларнинг имкониятлари ва малакасини тақдим этишни таклиф қилди.

Worksmate Жанубий Кореядаги 1 500 дан ортиқ қурилиш компанияси билан боғланган GADA платформасини тақдим этди.

Ушбу сервис номзодларнинг иш тажрибаси ҳақидаги маълумотларни сақлаш, ҳужжатларни рақамли шаклда бошқариш ҳамда ишчилар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни соддалаштириш имконини беради.

Томонлар GADA платформасини Миграция агентлигининг Xorijda Ish платформаси билан эҳтимолий интеграция қилиш масаласини ҳам муҳокама қилди. Ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, E-7 визалари асосида малакали мутахассисларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди. Worksmate вакиллари тегишли тузилмалар иштирокида Ўзбекистон, Монголия, Вьетнам ва Таиланддан ишчиларни ишга жалб қилиш лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.

Тақдим этилган шартларга кўра, лойиҳа иштирокчиларининг бошланғич ойлик маоши 2 156 880 вонни ташкил этади ва кейинчалик уни ошириш имконияти мавжуд.

Лойиҳада камида беш йиллик иш тажрибасига эга техникум битирувчилари, шунингдек, бакалавр дипломи ва камида бир йиллик иш стажига эга олий таълим муассасалари битирувчилари иштирок этиши мумкин. Магистр даражасига эга мутахассислар учун иш тажрибаси талаби қўйилмайди.

Миграция агентлиги кадрларни дастлабки ва мақсадли тайёрлашни ташкил этишни таклиф қилди. Бунда талабаларга корейс тили ва касбий кўникмаларни ўргатиш, Ўзбекистонда қурилиш соҳасида иш тажрибасини орттириш ҳамда кейинчалик уларни Жанубий Кореяда ишга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва истиқболли йўналишларни биргаликда ўрганишни назарда тутувчи ниятлар тўғрисидаги хатни (LOI) имзолади. Музокараларни давом эттириш ва кадрлар тайёрлаш тизими билан танишиш учун Worksmate раҳбарияти Ўзбекистонга таклиф қилинди.

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, 2007 йилдан буён қарийб 50 минг нафар Ўзбекистон фуқароси E-9 визалари асосида Жанубий Кореяда ишга жойлаштирилган. 2025–2026 йилларда яна 668 нафар фуқаро Hyundai Heavy Industries ва Ульсан ҳукумати кўмагида Фарғонада ташкил этилган махсус марказда тил, маданият ва касбий тайёргарликдан ўтди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.