Ўзбекистон

Чилонзорда фуқароларга хизмат кўрсатиш маркази қурилади

Чилонзорда фуқароларга хизмат кўрсатиш маркази қурилади
Чилонзорда фуқароларга хизмат кўрсатиш маркази қурилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт Ички ишлар бош бошқармасига Чилонзор туманида фуқароларга хизмат кўрсатиш маркази қуриш учун 0,08 гектар ер майдони ажратди. Тегишли қарор E-qaror платформасида эълон қилинди.

Ер майдони «Қозирабод» маҳалласи ҳудудида, Кичик ҳалқа йўли бўйлаб 16 ва 52/2-уйлар оралиғида жойлашган.

Очиқ маълумотларга кўра, гап «Чилонзор» метро бекати яқинида жойлашган, KFC ресторани ва бошқа объектлар мавжуд бўлган тижорат биноси, шунингдек, ундан жануби-шарққа томон тахминан 700 метр масофада, Korzinka дўкони яқинида жойлашган SSKI биноси ҳақида бормоқда.

Янги марказда миграция, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация билан боғлиқ хизматларни тезкор тақдим этиш режалаштирилмоқда. Муассаса Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Чилонзор бошқармаси таркибида ишлайди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига ер майдони ҳудудининг топографик харитаси ва геологик хулосасини тайёрлаш бўйича буюртма жойлаштириш топширилди.

Шундан сўнг бошқарма лойиҳа ташкилоти билан шартнома тузиши ва ишлаб чиқилган ҳужжатларни тасдиқлаш учун тақдим этиши керак.

Қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, тўсиқсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Рахмонов зиммасига юклатилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.