Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 03.08.2026 · 13:15 · 23 views
Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров бошчилигида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида умумий қиймати 235,7 миллион АҚШ доллари бўлган 7 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани, ушбу лойиҳалар ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда минглаб янги иш ўринларини ташкил этишга хизмат қилиши қайд этилди. Шунингдек, Бекобод технопаркини ривожлантириш ва унинг фаолиятини янада жадаллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама марказида бўлди.

Мулоқот давомида қўшма саноат корхоналарини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, савдо алоқаларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, истиқболдаги қўшма ташаббуслар, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда икки ҳудуд ўртасидаги шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида мавжуд лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда Тошкент вилояти ва Бошқирдистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.