Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Тожикистон чегара идоралари ҳар икки давлатнинг умумий давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш масалаларини Ҳарбий кенгашнинг олтинчи йиғилишида муҳокама қилди. Учрашув 2026 йил 14 ноябрь куни Термиз шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари вакиллари иштирок этди.
Томонлар чегара хавфсизлигига доир замонавий чақириқ ва таҳдидларни кўриб чиқди. Шунингдек, икки мамлакат чегара идоралари ва вакиллик аппаратлари ўртасидаги барқарор ҳамкорликни сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.
Иштирокчилар Ўзбекистон–Тожикистон давлат чегарасидаги режимни таъминлаш учун куч ва воситалардан биргаликда фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Бундан ташқари, чегарани қўриқлаш бўлинмалари ва захира кучларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг умумий чегарада тинчлик ва осойишталикни сақлашга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлашларини тасдиқлади.
Шунингдек, юзага келадиган масалаларни яхши қўшничилик, дўстлик, ишонч ва конструктив ҳамкорлик тамойиллари асосида ҳал этиш ниятини билдирди.