7
Иқтисод

Ўзбекистонда қишки газ таъминоти устувор йўналишлари белгиланди

Ўзбекистонда қишки газ таъминоти устувор йўналишлари белгиланди
Ўзбекистонда қишки газ таъминоти устувор йўналишлари белгиланди / Фото: «Ўзбекнефтегаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига устувор тартибда етказиб бериш белгиланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Тегишли чора-тадбирлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорида назарда тутилган. Ҳужжат 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 31 мартгача амал қилади.

Мавжуд газ ресурсларини тақсимлашда турар жойлар, мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва ижтимоий соҳага мансуб бошқа муассасаларга устуворлик берилади. Шунингдек, стратегик аҳамиятга эга истеъмолчиларни газ билан таъминлаш чоралари ҳам белгиланган.

Газ ресурсларини тақсимлаш тартиби

Энергетика вазирлиги «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот» компаниялари ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда газ етказиб беришнинг ўн кунлик ҳамда кунлик прогноз жадвалларини ишлаб чиқади.

Жадвалларни тайёрлашда мавжуд табиий газ ҳажмлари ва об-ҳаво шароитлари ҳисобга олинади. Ҳужжатлар ҳар ойнинг 25-санасидан кечиктирмай куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича республика комиссияси тасдиғига киритилиши лозим.

Магистрал газ қувурларида босим пасайган ёки мавжуд ресурслар ҳажми кутилмаганда ўзгарган тақдирда, газ тақсимоти тезкорлик билан қайта кўриб чиқилади. Бунда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини устувор тартибда газ билан таъминлаш сақлаб қолиниши керак.

Республика комиссияси ҳудудлар ва йирик улгуржи истеъмолчилар кесимида кейинги ой учун газ етказиб бериш жадвалларини тасдиқлайди. Бу иш ҳар ойнинг охирги кунига қадар амалга оширилиши лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари «Ҳудудгазтаъминот»нинг ҳудудий филиаллари билан биргаликда тасдиқланган жадваллар асосида туман ва шаҳарлар бўйича газ тақсимотини ташкил этади. Бунда ҳам биринчи навбатда турар жойлар ва ижтимоий муассасаларни газ билан таъминлашга эътибор қаратилади.

Айрим истеъмолчилар учун вақтинчалик чекловлар

Ҳаво ҳарорати кескин пасайган даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш мақсадида бошқа тоифадаги истеъмолчилар учун вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин.

Бундай чоралар белгиланган тартибда қўлланилади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.