Иқтисод

«Ўзбекнефтгаз» Axens, Technip ва CPECC билан Бухоро НҚИЗни модернизация қилишни муҳокама қилди

«Ўзбекнефтгаз» Axens, Technip ва CPECC билан Бухоро НҚИЗни модернизация қилишни муҳокама қилди
«Ўзбекнефтгаз» Axens, Technip ва CPECC билан Бухоро НҚИЗни модернизация қилишни муҳокама қилди / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» француз компаниялари Axens ва Technip, шунингдек, Хитойнинг CPECC компанияси билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилишда иштирок этиш имкониятлари юзасидан музокаралар ўтказди.

Учта компания вакиллари билан учрашувни «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ўтказди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.

Томонлар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг йиллик қайта ишлаш қувватини 2,5 миллион тоннадан 5 миллион тоннага етказишни назарда тутувчи лойиҳа доирасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Музокаралар давомида халқаро ҳамкорларнинг лойиҳада иштирок этишининг эҳтимолий йўналишлари кўриб чиқилди. Улар қаторига корхонани кенгайтириш концепциясини ишлаб чиқиш, технологик ечимлар ва лицензия берувчиларни танлаш, базавий муҳандислик лойиҳасини тайёрлаш, ускуналар етказиб бериш, қурилиш ишлари ҳамда лойиҳани бошқариш киради.

Таклифларни тайёрлаш муддатларига алоҳида эътибор қаратилди. Абдуғани Сангинов лойиҳани амалга оширишда вақт омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ҳар бир компанияга бир ҳафта ичида дастлабки техник-тижорат таклифларини тақдим этишни таклиф қилди.

Ҳужжатларда ҳамкорликнинг таклиф этилаётган шакли, ишлар ҳажми, зарур бошланғич маълумотлар ва бажариш муддатлари ҳақидаги маълумотлар акс этиши керак.

«Ўзбекнефтгаз» эҳтимолий ҳамкорларга зарур маълумотларни тезкорлик билан тақдим этиш, уларнинг ташаббусларини кўриб чиқиш ва кейинги қадамлар бўйича қарорлар қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар Ўзбекистон Президентининг 3 ноябрь куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташрифи чоғида берилган топшириғи ижроси доирасида ўтказилмоқда. Ўшанда корхона қувватини икки баравар ошириш ва уни модернизация қилишга етакчи халқаро компанияларни жалб этиш вазифаси қўйилган эди.

Axens, Technip ва CPECC компанияларининг лойиҳада иштирок этиш шартлари ҳозирча аниқланмаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.