Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Хитойнинг SIASUN Robot & Automation Co., Ltd. компанияси билан Ўзбекистон электротехника корхоналарига саноат роботларини жорий этиш ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ҳамда SIASUN компанияси вице-президенти Лю Цзюнь (Liu Zijun) бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Томонлар электротехника саноатида саноат роботлари ва замонавий автоматлаштирилган ечимларни қўллаш имкониятларини кўриб чиқди. Ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва корхоналарнинг технологик самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари технологиялар трансфери, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Робототехника соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири бўлиши мумкин.
Музокаралар якунида томонлар аниқ ташаббуслар ва амалий лойиҳалар асосида ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
SIASUN компанияси 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, робототехника ва саноатни автоматлаштириш соҳасидаги ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишга ихтисослашган.
Компания маълумотларига кўра, унинг маҳсулотлари дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатига етказиб берилади. SIASUN хизматларидан 4 мингдан зиёд корхона фойдаланади, амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий сони эса 18 мингдан ошади.