Ўзбекистон ва ТОBB ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва ТОBB ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Туркия Савдо ва биржалар иттифоқи (TOBB) ҳамда Турк Савдо ва саноат палаталари иттифоқи вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова ҳамда Палата раиси маслаҳатчиси Жамил Мақсуди иштирок этди. Туркия томонидан TOBB вице-президенти Селчук Ўзтурк ва Туркий давлатлар Савдо-саноат палаталари иттифоқи бош котиби Адем Кула қатнашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шаҳло Ибрагимова ўз нутқида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик дўстлик, қардошлик ва ўзаро ишонч тамойилларига асосланганини таъкидлаб, давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этди.
Шунингдек, музокаралар чоғида TOBB ҳузурида фаолият юритувчи Тадбиркор аёллар кенгашининг тажрибаси билан ўртоқлашилиб, тадбиркор аёллар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, саноат кооперацияси, экспорт-импорт операциялари ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида меҳмонлар V Тошкент халқаро инвестиция форуми юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этиб, ушбу тадбирдан мамнун эканликларини билдирдилар.
Учрашув якунида томонлар кўп йиллик самарали ҳамкорлик тажрибасига таяниб, келгусида ҳам ўзаро муносабатларни янги мазмун билан бойитиш, тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.