7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Жанубий Корея аёллар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиради

Ўзбекистон ва Жанубий Корея аёллар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиради
Ўзбекистон ва Жанубий Корея аёллар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиради / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўбекистон ва Корея Республикаси аёл тадбиркорлар ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини, жумладан, қўшма инвестиция ва экспорт лойиҳаларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув Ўзбекистон парламент делегациясининг Жанубий Кореяга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Сенат раиси Танзила Норбоева Жанубий Корея Аёл тадбиркорлар ассоциацияси раҳбари Пак Чан Сук ҳамда бизнес вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Учрашув иштирокчилари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва маҳсулотлар экспортини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Пак Чан Сук Ўзбекистонда аёлларни бизнес соҳасида қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни эътироф этиб, республика билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ўзи раҳбарлик қилаётган ассоциация қарийб 3,5 млн нафар аёл тадбиркорни бирлаштиради.

Жанубий Кореянинг The Skin, Sooho Global ва Metal Heater Solution компаниялари вакиллари косметика саноати, экспорт, маркетинг, сув таъминоти ҳамда экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Томонлар аёл тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди. Бошқа ҳамкорлик йўналишлари қаторида қўшма таълим дастурлари ва инвестиция лойиҳалари ҳам қайд этилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.