7
Ўзбекистон

Олмалиқ институти Хитой билан дуал таълимни ривожлантирмоқда

Олмалиқ институти Хитой билан дуал таълимни ривожлантирмоқда
Олмалиқ институти Хитой билан дуал таълимни ривожлантирмоқда / Фото: Henan Polytechnic University.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олмалиқ давлат техника институти Хитойнинг Henan Polytechnic University университети ва «Нишбош» кўмир кони билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ҳамкорлик дуал таълим доирасида муҳандислик-техника мутахассисларини тайёрлашга қаратилган.

Ҳамкорлик натижаларидан бири уч томонлама ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши бўлди. Ҳужжат кўмир ресурсларини ўзлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича қўшма Хитой-Ўзбекистон лабораториясини ташкил этиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этишни назарда тутади.

Ҳамкорлик кончилик, саноат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашни ҳам қамраб олади.

Саноатнинг замонавий технологиялар ва автоматлаштирилган бошқарув тизимлари билан ишлай оладиган мутахассисларга эҳтиёжи ортиб бораётган бир шароитда дуал таълимни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу таълим модели назарий тайёргарликни бевосита ишлаб чиқаришдаги амалий машғулотлар билан уйғунлаштиришни назарда тутади.

Ўзбекистонда дуал таълимни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари 2020 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-637-сонли «Таълим тўғрисида»ги қонунда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 163-сонли ва 2025 йил 16 январдаги 14-сонли қарорларида белгиланган.

Ушбу таълим моделини амалиётга татбиқ этиш йўналишларидан бири институтнинг Ангрен шаҳрида жойлашган «Нишбош» кўмир кони билан ҳамкорлигидир. Корхонада Хитой технологиялари, замонавий кончилик ускуналари, конвейер тизимлари ва автоматлаштирилган бошқарувдан фойдаланган ҳолда кўмирни ер ости усулида қазиб олиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ишлаб чиқариш жараёнларида саноат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини жорий этиш ҳам назарда тутилган.

Бунинг натижасида талабалар кўмир саноатида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан бевосита корхонанинг ўзида танишиш имконига эга бўлади.

Келгусида томонлар «Нишбош» кони ҳудудида Олмалиқ давлат техника институти кампусини ташкил этиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Лойиҳа ўқув аудиториялари, лабораториялар ва амалий машғулотлар майдончаларини ташкил этиш, шунингдек, талабаларнинг яшаши учун шароит яратишни назарда тутади.

Бундай инфратузилма талабаларга назарий билимларини ишлаб чиқариш муҳитидаги амалиёт билан уйғунлаштириш, корхона мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш ва ўқиш даврида касбий тажриба орттириш имконини беради.

Ўқитувчилар ва тадқиқотчилар учун эса кампус ишлаб чиқаришдаги долзарб вазифаларни ўрганиш ҳамда кончилик саноати эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ечимлар ишлаб чиқиш майдонига айланиши мумкин.

Дуал таълим модели иш берувчилар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Таълим давридаёқ амалий кўникмаларни эгаллаш битирувчиларнинг касбий фаолиятга яхшироқ тайёрланишига, корхоналарга эса ўз эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар салоҳиятини шакллантиришга имкон беради.

Олмалиқ давлат техника институти, «Нишбош» кони ва Henan Polytechnic University ўртасидаги ҳамкорлик таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш имкониятларини бирлаштиришга қаратилган.

Қўшма фаолият мутахассислар тайёрлаш ва илмий ишланмаларни саноатга жорий этиш учун халқаро тажрибадан фойдаланишни назарда тутади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.