Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналарда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига экологик ёндошувни кенг жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш йўналишида бугунги кунда корхоналарда 13 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлатилмоқда. Жорий йилда барча фильтрлар техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Атмосферага чиқарилаётган ташланмаларни узлуксиз назорат қилиш мақсадида 19 та автоматик мониторинг станцияси ва 20 та экологик кузатув пости фаолият юритмоқда. Мониторинг маълумотлари компания ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ахборот тизимларига реал вақт режимида узатилмоқда. Ҳаво ва сув сифати 9 та экологик лабораторияда мунтазам таҳлил қилинмоқда.
Сув ресурсларини тежаш ва қайта фойдаланиш борасида компания тизимида 13 та локал сув тозалаш иншооти фаолият кўрсатиб, уларда йилига 25,9 миллион кубметр сув тозаланади. Шундан 17,8 миллион кубметри, яъни қарийб 69 фоизи ишлаб чиқариш жараёнига қайта йўналтирилади. Бу орқали шунча ҳажмдаги сувни тежаш ҳамда табиий манбалардан қўшимча сув олишнинг олди олинмоқда.
Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш дастури тасдиқланди. Унда сувни қайта ишлатиш, сув ҳисобини рақамлаштириш, саноат оқова сувлари ташланадиган нуқталарда автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш, сув танқис ҳудудларда оқова сувларини тозалаш иншоотларини лойиҳалаштириш ҳамда ичимлик суви сарфини камайтириш чоралари белгиланган.
Чиқиндиларни бошқариш ва ерларни рекультивация қилиш йўналишида 2026 йил январь–сентябрь ойларида чиқиндиларни қайта ишлашга йўналтириш бўйича белгиланган ишлар ўз вақтида бажарилиб, 3,9 гектар ер майдони рекультивация қилинди. Саноат чиқиндиларини сақлаш объектларининг техник ва экологик хавфсизлиги доимий назоратда. Бугунги кунга қадар чиқиндилар йўналишида 50 та экосертификат, технологик жараёнлар бўйича эса 15 та “яшил” сертификат олинган.
Бугун тизим корхоналарида умумий қуввати 15,9 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишламоқда. Улар йилига қарийб 24 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 7,6 минг тонна шартли ёқилғига тенг миқдорда, яъни 7,6 миллион кубметр табиий газни тежаш имконини бермоқда.
Бунинг натижасида атмосферага йилига 12,5 минг тонна карбонат ангидрид (CO₂), шунингдек, қарийб 15 тонна азот ва углерод оксидлари чиқарилишининг олди олинмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 2021–2026 йилларда тизим корхоналари ва уларга туташ ҳудудлардаги 361,4 гектар майдонда 596 минг туп дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу кўчатлар вояга етгач, йилига 10 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид (CO₂) газини ютади.
Халқаро стандартлар экологик бошқарувни самарали ташкил қилиш имконини бермоқда. Бугунги кунда компания корхоналарида ISO 14001 ва ISO 14064 халқаро стандартлари асосида экологик менежмент тизими жорий этилган. Экологик хавфлар корхоналарнинг таваккалчиликлар реестрига киритилиб, мунтазам баҳоланмоқда.
Келгусида энг яхши мавжуд технологияларни жорий этиш, иссиқхона газлари ташланмаларини углерод бозорига олиб чиқиш, экологик мониторингни тўлиқ рақамлаштириш ва сувдан қайта фойдаланиш улушини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.