7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Bureau Veritas ҳамкорлик бўйича икки битим имзолади

Ўзбекистон ва Bureau Veritas ҳамкорлик бўйича икки битим имзолади
Ўзбекистон ва Bureau Veritas ҳамкорлик бўйича икки битим имзолади / Фото: Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва халқаро Bureau Veritas компанияси маҳсулотларни мувофиқликни баҳолаш ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича иккита ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.

Тошкентда агентлик директори Ансабхон Закиров, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Валид Фук ҳамда Bureau Veritas раҳбарияти иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро стандартларни жорий этиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Bureau Veritas ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимига кирувчи Стандартлар институти ўртасида ҳамкорликка оид иккита ҳужжат имзоланди. Улар истеъмол товарлари, паст кучланишли электр ускуналари, тўқимачилик маҳсулотлари ва шахсий ҳимоя воситаларини қамраб олади.

Келишувлар маҳсулотларни сертификатлаштириш ва уларнинг халқаро талабларга мувофиқлигини баҳолаш тизимларини такомиллаштириш, синов ва сертификатлаштириш хизматлари турларини кенгайтириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишни назарда тутади.

Томонлар ўзбек маҳсулотларини Европа Иттифоқи ва АҚШ бозорларига етказиб беришда техник тўсиқларни камайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратди. Хабарда таъкидланишича, Bureau Veritas билан ҳамкорлик маҳаллий корхоналарга ўз маҳсулотларининг халқаро стандартлар ва хорижий бозорлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлашда ёрдам бериши керак.

Бундан ташқари, ҳамкорлик маҳаллий компанияларни халқаро сертификатлаштириш тизимларига интеграция қилишни жадаллаштириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг глобал савдо занжирларидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.

Учрашув якунида томонлар имзоланган ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш, қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон миллий сифат инфратузилмасини халқаро тизимлар билан уйғунлаштириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.