Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида McKinsey & Company компанияси вакиллари билан саноат, экспорт ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
25 ноябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Американинг консалтинг компанияси делегациясини қабул қилди. Унга компаниянинг катта ҳамкори ва Ўзбекистондаги фаолияти раҳбари Семён Яковлев бошчилик қилди.
Учрашув давомида томонлар McKinsey & Company компаниясининг халқаро тажрибаси, Ўзбекистондаги фаолияти ҳамда Фарғона вилояти билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилди.
Хайрулло Бозоров ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, саноат ва қишлоқ хўжалиги имкониятлари, инвестициявий жозибадорлиги ҳамда экспорт фаолияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Семён Яковлев Ўзбекистоннинг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш имкониятларига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ички бозор талабини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва истиқболли тармоқларни ривожлантириш муҳим йўналишлар ҳисобланади.
Учрашувда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, илғор хорижий технологияларни жалб этиш, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш ва замонавий бошқарув стандартларини жорий қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, энергетика ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, Фарғона вилоятининг асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда 2027 йилда «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ҳудуд саноатини янги модель асосида ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида иштирокчилар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, истиқболли тармоқлар бўйича таҳлилий ишларни амалга ошириш ва амалий таклифлар тайёрлашга келишиб олди.
Эришилган келишувларни мустаҳкамлаш мақсадида тегишли меморандум тайёрлаш ҳам режалаштирилган.