7
Дунё

Қозоғистонда 50 тонналик цистернали нарколаборатория фош этилди

Қозоғистонда 50 тонналик цистернали нарколаборатория фош этилди
Қозоғистонда 50 тонналик цистернали нарколаборатория фош этилди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида трансмиллий жиноий гуруҳ билан боғлиқ мефедрон ишлаб чиқарувчи яширин лаборатория фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда DFCA хабар берди.

Махсус операция вилоят полиция департаменти, Миллий хавфсизлик қўмитаси департаменти ва прокуратура ходимлари томонидан ўтказилди. Тинтувлар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар саноат миқёсидаги ноқонуний ишлаб чиқариш объектини аниқлади.

Лабораторияда сиғими 50 тонна бўлган цистерна мавжуд бўлиб, унинг ичида тахминан 16 тонна суюқлик ва қайта ишланган маҳсулот сақланган. Шунингдек, бир тонна сиғимли идишлар, 20 литрлик канистрлар ҳамда кукунсимон моддалар қолдиқлари бўлган қоплар мусодара қилинди.

Экспертиза хулосасига кўра, цистернадан олинган 10 литр ҳажмдаги суюқлик намунасидан 1,7 килограммдан ортиқ соф мефедрон ажратиб олишга муваффақ бўлинган.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, мавжуд хомашёдан 2 тоннагача тайёр гиёҳванд модда ишлаб чиқариш мумкин бўлган. Бу тахминан 2 миллион бир марталик дозага тенг. Бундай партиянинг қора бозордаги қиймати қарийб 40 миллиард тенге ёки 80 миллион доллардан ортиқ деб баҳоланмоқда.

Махсус операция давомида 48 ва 28 ёшли икки нафар эркак қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, катта ёшли гумонланувчи жиноий гуруҳга янги аъзоларни жалб қилиш ва унинг фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланган.

Иккинчи гумонланувчига эса ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда ходимларга гиёҳванд моддалар тайёрлаш технологиясини ўргатиш вазифаси топширилгани айтилмоқда.

Ҳар икки гумонланувчи ҳам қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.