7
Туризм

Ўзбекистон ва Гонконг туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Ўзбекистон ва Гонконг туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Ўзбекистон ва Гонконг туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқчи / Фото: Ўзбекистон Туризм қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Гонконг туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ўзаро туристик алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.

Келишув 2026 йил 25 ноябрь куни Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Гонконг Туризм кенгаши (Hong Kong Tourism Board) ижрочи директори Энтони Лау билан учрашувида эришилди.

Музокаралар Тошкентда очилган «Ипак йўлида туризм» 31-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси ҳамда туризм соҳасидаги Биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтди.

Томонлар Гонконг бозорида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, қўшма маркетинг тадбирларини ўтказиш ва танишув сафарларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, икки томон туристик соҳаси вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашувда Гонконглик сайёҳларда қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган туризм йўналишларини Ўзбекистонда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Улар қаторида шопинг, гастрономик, кўнгилочар, тунги ва замонавий шаҳар туризми йўналишлари қайд этилди.

Музокаралар якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.