Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) сув ресурсларини бошқариш, сув таъминоти ва санитария соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.
Учрашув 2026 йил 25 ноябрь куни бўлиб ўтди. Унда тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова, вазирлик вакиллари, шунингдек, «Ўзбекгидрогеология» ва «ГИДРОИНГЕО институти» давлат муассасалари ходимлари иштирок этди.
Томонлар асосий эътиборни ер ости сувларидан самарали фойдаланиш, сув таъминоти ва санитария тизимларини ривожлантириш масалаларига қаратди.
Иштирокчилар, шунингдек, «Сув ва саломатлик муаммолари бўйича протокол» доирасида Ўзбекистоннинг 2027–2036 йилларга мўлжалланган миллий мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқди.
Ушбу мақсадларга эришиш учун инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия институтлари, тараққиёт банклари ва донорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.