Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон энергетика вазири Шерзод Хўжаев бошчилигидаги делегация Хитойнинг Shanghai Electric компаниясига қарашли Линьган ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Корхона битта ишлаб чиқариш мажмуаси доирасида атом электр станцияларининг ҳам ядровий, ҳам турбина ороли учун асосий ускуналарни ишлаб чиқариш қувватларига эга.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари ядровий реактор корпуслари, йирик ўлчамли ускуналар ва турбоагрегатлар ишлаб чиқариладиган цехлар фаолияти билан танишди.
Делегация аъзолари Хитойнинг атом энергетикаси соҳасидаги технологик ечимлари, юқори технологияли ускуналар ишлаб чиқариш имкониятлари, шунингдек, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш тизимларига алоҳида эътибор қаратди.