Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия Палаталар ва товар биржалари иттифоқи (TOBB) тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Палата раисининг маслаҳатчиси Жамил Мақсудий TOBB бошқаруви аъзоси Мустафа Байбуртлу билан учрашди. Томонлар икки мамлакат ишбилармон доиралари бирлашмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини кўриб чиқдилар.
Жумладан, учрашув иштирокчилари яқин вақтларда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган халқаро бизнес-форумда TOBB вакилларининг иштирок этиши имкониятларини муҳокама қилдилар.
Жамил Мақсудий тадбиркорларнинг муаммолари ва таклифларини тармоқлар кесимида ўрганиш, тизимли масалаларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича давлат органларига таклифлар тайёрлаш амалиёти ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, у Савдо-саноат палатасида аъзолик тизимини ривожлантириш ва халқаро юк ташиш соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган ATA Carnet механизмини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим этди.
TOBB вакиллари Туркиянинг савдо реестрини юритиш, товарларнинг келиб чиқиш сертификатлари ва преференциал савдо учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, корхоналарни «ягона дарча» тамойили асосида рўйхатдан ўтказиш ва тадбиркорларга хизматлар кўрсатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Мустафа Байбуртлу Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари мутахассислари учун Анқара шаҳрига танишув сафарини ташкил этишни таклиф қилди. Сафардан мақсад мазкур йўналишлардаги Туркия тажрибасини батафсил ўрганишдан иборат.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашишни фаоллаштириш ва муҳокама қилинган масалалар бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.