7
Туризм

Тошкентда туризм соҳасига янги инвестициялар жалб этиш масалалари муҳокама қилинди

Тошкентда туризм соҳасига янги инвестициялар жалб этиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкентда туризм соҳасига янги инвестициялар жалб этиш масалалари муҳокама қилинди / Фото: Ўзбекистон Туризм Қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва соҳага инвестициялар жалб қилиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.

«Туризмга инвестицияларни жалб қилиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш» мавзусидаги сессия 25 ноябрь куни CAEx Uzbekistan кўргазма марказида бўлиб ўтди. Тадбир 31-Тошкент халқаро «Ипак йўлида туризм» туристик ярмаркаси доирасида ташкил этилди.

Асосий маърузачилар сифатида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев, маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг халқаро ва илмий-саноат кооперацияси департаменти бошлиғи Жамолиддин Қудратов иштирок этди.

Сессия давомида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги «Ўзбекистон — туристик инвестицияларнинг янги маркази» ташаббусини тақдим этди. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги инвесторларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ўзаро ҳамкорликка жалб қилишга мўлжалланган рақамли платформани намойиш қилди. Маданият вазирлиги эса «Маданият меҳмонхонаси» лойиҳасини тақдим этди.

Панель муҳокамасида Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов ва маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди. Шунингдек, муҳокамаларга БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакай ҳам қўшилди.

Иштирокчилар орасида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (TİKA) Тошкентдаги офиси раҳбари Эсин Аджар Эргин ҳамда Индонезия Президентининг туризм масалалари бўйича махсус вакили Зита Анжани ҳам бор эди.

Муҳокамада Халқаро конгресслар ва конференциялар ассоциациясининг (ICCA) Европа бўйича минтақавий менежери Эфи Кудели, IHG Hotels & Resorts компаниясининг минтақавий бош директори ва InterContinental Tashkent меҳмонхонаси раҳбари Эрик Зайлер ҳам сўзга чиқди.

Бундан ташқари, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси Котибиятининг ташкилий бўлими бошлиғи ўринбосари ва «Sodrujestvo» Travel Hub халқаро туристик лойиҳаси раҳбари Юлия Зайкова, шунингдек, «TO YOUR PROJECT» МЧЖ бош директори Татьяна Тюшева ҳам муҳокамаларда иштирок этди.

Сессия якунида маърузачилар иштирокчиларнинг саволларига жавоб берди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.