Туризм

Хитойлик инвестор Marriott билан келишувлар тузилганини маълум қилди

Хитойлик инвестор Marriott билан келишувлар тузилганини маълум қилди
Хитойлик инвестор Marriott билан келишувлар тузилганини маълум қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой компанияси ўтган ҳафта Marriott меҳмонхона гуруҳи билан икки меҳмонхонани бошқарувга бериш бўйича келишувларни имзолади. Гап Sheraton бренди остидаги Beijing Plaza ва Four Points бренди остидаги High Town City меҳмонхоналари ҳақида бормоқда.

Бу ҳақда компания вакили туризм соҳасидаги тадбиркорлар билан ҳукуматнинг очиқ мулоқоти чоғида маълум қилди.

Компаниянинг иккинчи лойиҳаси девелоперлик йўналишида бўлиб, Янги Тошкентда амалга оширилиши режалаштирилган.

Компания вакилининг сўзларига кўра, айни кунларда лойиҳа концепцияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа учун ҳар бири қарийб 20 гектар майдонга эга иккита ер участкаси ҳам белгилаб қўйилган.

Компания шаҳар ҳокими қайтиб келганидан сўнг инвестиция келишувини имзолашни режалаштирган. Ҳукумат вакили эса музокараларни кечиктирмаслик ва уларни шу куннинг ўзида масъул раҳбарлар билан ўтказишни тавсия қилди.

Инвестор, шунингдек, «Бунёдкор» стадиони яқинида, Чилонзор туманидаги лойиҳани илгари суришда кўмак сўради. Унинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа узоқ вақтдан бери келишувдан ўтказилмаяпти.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев лойиҳани аввалги кўринишда давом эттириш мумкин эмаслигини айтди. Чунки у Тошкент шаҳрининг бош режасига зид келади.

Йиғилишда компания янгиланган таклифларни тақдим этгани маълум қилинди. Улар маъқулланганидан сўнг лойиҳа Бош вазир билан келишилиши керак.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.