Дунё

Инфантино жаҳон чемпионатларини кенгайтириш режасидан воз кечди

Инфантино жаҳон чемпионатларини кенгайтириш режасидан воз кечди
Инфантино жаҳон чемпионатларини кенгайтириш режасидан воз кечди / Фото: FIFA.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино миллий терма жамоалар ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини янада кенгайтириш режаларидан воз кечди.

Британиянинг The Times газетаси маълумотига кўра, бундай қарор ташкилот раҳбарига нисбатан босим кучайгани, хусусан, турнирларни ўтказиш ҳуқуқларини тижоратлаштириш бўйича ташаббуслари танқидга учрагани билан боғлиқ.

Нашр хабар беришича, агар Инфантино ФИФА президенти лавозимига қайта сайланса, у жаҳон чемпионатларида иштирок этувчи жамоалар сонини оширишни талаб қилмайди.

The Times нашри август ойида ФИФА раҳбари Жанубий Америка футбол конфедерациясининг (КОНМЕБОЛ) 2030 йилги жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 64 та терма жамоага етказиш таклифини қўллаб-қувватлагани ҳақида ёзган эди. Газета талқинига кўра, ушбу ташаббус президентлик сайловлари арафасида Инфантинонинг кўпроқ миллий футбол федерациялари қўллаб-қувватловига эга бўлишига ёрдам бериши мумкин эди.

ФИФАнинг асосий эркаклар ва аёллар мусобақаларига тегишли тижорат ҳуқуқларини бошқариши керак бўлган FIFA Forward Enterprise компаниясини ташкил этиш режаси ҳам қўшимча танқидларга сабаб бўлди. Ташкилот вакиллари ушбу схема 4,2 миллиард доллар даромад келтириши ва федерацияга аъзо ассоциацияларнинг тушумларини ошириши мумкинлигини билдирган эди.

Бироқ мазкур таклиф қатор халқаро футбол ташкилотлари, жумладан, Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА), Шимолий, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ), Осиё футбол конфедерацияси ҳамда КОНМЕБОЛ қаршилигига учради.

Инфантино лойиҳадан воз кечганидан сўнг УЕФА ФИФА президентига нисбатан ишонч йўқолганини маълум қилди. The Telegraph нашри маълумотига кўра, Европа ташкилоти Инфантино ўз лавозимини ихтиёрий равишда тарк этмаса, унга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

ФИФА президенти сайловлари 2027 йил март ойида Марокашда ўтказилиши режалаштирилган. Инфантино 2016 йил февраль ойида ташкилот раҳбари этиб сайланган ва шундан кейин муқобил номзодларсиз икки марта қайта сайланган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.