Дунё

АҚШ ва Исроил Эронга янги зарбалар бериш режасини тайёрламоқда — ОАВ

АҚШ ва Исроил Эронга янги зарбалар бериш режасини тайёрламоқда — ОАВ
АҚШ ва Исроил Эронга янги зарбалар бериш режасини тайёрламоқда — ОАВ / Фото: Видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Видеодан кадрАҚШ ва Исроил дипломатик саъй-ҳаракатлар муваффақиятсизликка учраган тақдирда Эронга қарши янги ҳарбий операция режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Axios нашри Америка ва Исроил расмийларига таяниб хабар берди. Портал маълумотларига кўра, томонлар келишувга эриша олмаса, эҳтимолий ҳарбий кампания АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлардан кейин бошланиши мумкин.

Axios манбаларининг таъкидлашича, иттифоқчилар бир ҳафталик операция ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. У доирасида Эроннинг ядровий объектлари, энергетика инфратузилмаси ва мамлакат олий раҳбарияти вакилларига зарбалар берилиши мумкин. Ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони, адмирал Брэд Купер Исроил мудофаа армияси Бош штаби бошлиғи Эял Замир билан учрашди.

Айни пайтда минтақавий воситачилар, жумладан, Қатар можаронинг янада кескинлашувига йўл қўймаслик имкониятларини излашда давом этмоқда. Axios маълумотларига кўра, улар Теҳронни санкцияларни қисман юмшатиш эвазига Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) инспекторларининг ядровий объектларга киришига рухсат беришга кўндиришга уринмоқда.

Бу жараён фонида Вашингтон Эрон билан музокараларни қайта тиклаш учун дипломатик қадамлар ташламоқда. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс президент Дональд Трамп кўрсатмасига биноан Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоийга мактуб юборган.

Газета манбаларининг таъкидлашича, Вэнс томонлар ўртасида музокараларни давом эттириш ва Трампни яқин ҳафталарда ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашдан воз кечишга ишонтириш учун етарлича умумий нуқталар мавжудлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, мактубда тинчликка эришиш бўйича аниқ таклифлар баён этилмаган.

WSJ шунингдек, Вэнс омма олдида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётганига қарамай, хусусий суҳбатларда операцияни давом эттириш зарурати юзасидан шубҳалар билдирганини қайд этади.

Аввалроқ Трамп АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлардан кейин Эронга янги зарбалар берилиши мумкинлигини истисно қилмаган эди. Шу тариқа, ҳарбий сценарий тайёрланаётгани ҳақидаги ОАВ хабарлари фонида дипломатик алоқалар ҳам давом этмоқда.

Июнь ойининг ўрталарида АҚШ ва Эрон тинчлик жараёни учун бошланғич нуқта бўлиши керак бўлган меморандумни имзолаган эди.

Бироқ келтирилган маълумотларга кўра, уч ҳафта ўтгач, зарбалар қайта бошланган. Кейинги можарони ҳал қилишга қаратилган уринишлар эса ҳозиргача келишувга олиб келмаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.