Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) ҳукуматларни электрон визаларни тасдиқлаш усулларини стандартлаштиришга чақирди.
Ҳозирда 100 дан ортиқ мамлакат электрон визалар беради, бироқ авиакомпаниялар йўловчини рўйхатдан ўтказиш вақтида уларнинг ҳақиқийлигини текшириши учун ягона усул ҳануз мавжуд эмас. Бу ҳақда Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) маълум қилди.
Ушбу муаммо авиакомпаниялар учун тўғридан-тўғри харажатларни келтириб чиқармоқда. IATAнинг аэропортлар, инфратузилма ва мижозлар тажрибаси бўйича директори Харри Гревал таъкидлашича, халқаро рейсга чиқишдан олдин авиакомпания йўловчида манзил мамлакатга кириш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар мавжудлигини текшириши шарт.
Хатога йўл қўйилган тақдирда, ташувчига жарима солиниши ва йўловчини депортация қилиш харажатлари юклатилиши мумкин. Бу харажатлар ҳар бир йўловчи учун ўртача 9 минг долларни ташкил этади.
Электрон визани тасдиқловчи ҳужжат электрон хат, PDF-файл ёки QR-код шаклида бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда уни веб-сайт ёки давлат маълумотлар базасига тўғридан-тўғри уланиш орқали текшириш талаб этилади. Бошқа ҳолларда эса тасдиқловчи ҳужжат қўлда текширилади.
Рўйхатдан ўтказиш стойкасидаги ходим дунёнинг исталган мамлакатига, жумладан, ўз визавий талабларига эга транзит пунктлари орқали учадиган йўловчиларга хизмат кўрсатишга тайёр бўлиши керак.
IATAнинг назорат органлари билан ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳи кириш учун электрон рухсатномаларни бериш ва текширишга доир тавсияларни эълон қилди. Улар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) ишланмаларига асосланган бўлиб, иккита асосий механизмни таклиф этади.
Биринчи механизм — йўловчилар ҳақидаги дастлабки маълумотларни интерактив узатиш тизими (iAPI). Йўловчини рўйхатдан ўтказиш жараёнида авиакомпания унинг маълумотларини электрон шаклда манзил мамлакатга юборади ва реал вақт режимида йўловчининг сафар талабларига мувофиқлиги ҳақида жавоб олади.
Ташувчилар маълумотларига кўра, тўлиқ ишлайдиган iAPI тизимлари мавжуд мамлакатларда ҳужжатларга қўйилган талабларга риоя этилиш даражаси ҳужжатлар қўлда текшириладиган мамлакатларга нисбатан 20 бараваргача юқори. Бироқ ҳозирда бундай тизимлар 30 дан кам мамлакатда жорий этилган.
Иккинчи механизм — ICAOнинг рақамли сафар рухсатномаси (Digital Travel Authorization, DTA). Бу рақамли имзо билан тасдиқланган, рухсатномага оид асосий маълумотлар ягона форматда тақдим этиладиган стандартлаштирилган ҳужжатдир. DTA iAPI орқали текшириш имкони бўлмаган ҳолатларда ҳам рухсатноманинг ҳақиқийлигини тасдиқлашга ёрдам беради.
IATA iAPI ва DTA тизимларини бутун дунё бўйлаб жорий этиш вақт талаб қилишини тан олмоқда. Бу жараёнга, жумладан, миллий хавфсизлик билан боғлиқ масалалар ҳам таъсир кўрсатади.
Шу боис ассоциация ҳозирча ҳукуматларга мавжуд виза тасдиқномаларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, авиакомпанияларнинг рўйхатдан ўтказиш тизимлари билан мос келадиган текширув усулларини ишлаб чиқиш ва янги визавий дастурларни тайёрлаш жараёнига ташувчиларни жалб этишни таклиф қилмоқда.
Харри Гревалнинг таъкидлашича, ягона стандартларга ўтиш давлатларнинг кимга виза талаб қилиш ва мамлакатга кириш шартларини мустақил белгилаш ҳуқуқини чекламайди.