Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Пенсия жамғармаси делегацияси Малайзияга ташрифи давомида хусусий пенсия жамғармаларини ташкил этиш ва бошқариш тажрибаси билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Пенсия жамғармаси хабар берди.
25 ноябрь куни делегация вакиллари Малайзия Хусусий пенсия жамғармалари маъмурияти (Private Pension Administrator — PPA) ходимлари билан учрашув ўтказди.
Томонлар ихтиёрий пенсия жамғармаларини шакллантириш тизимининг фаолияти ва фуқароларнинг хусусий пенсия дастурларида иштирок этиш механизмларини муҳокама қилди. Иштирокчиларнинг индивидуал ҳисобварақларини юритиш ҳамда маблағлар ҳаракатини ҳисобга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, учрашувда пенсия жамғармаларида тўпланган маблағларни инвестиция қилиш ва инвестиция даромадини ҳисоблаш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар пенсия жамғармасини танлаш тартиби ва бир жамғармадан бошқасига ўтиш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Муҳокама қилинган бошқа мавзулар қаторида жамғарилган маблағлар ва иштирокчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, шунингдек, пенсия ёшига етгандан кейин маблағларни тўлаш тартиби ҳам бўлди.
Бундан ташқари, икки томон вакиллари Ўзбекистон пенсия тизими, унинг ҳозирги ҳолати ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот алмашди.