Ўзбекистон

Тошкент ҳайвонот боғида орангутан Цезарда саратон аниқланди

Тошкент ҳайвонот боғида орангутан Цезарда саратон аниқланди
Тошкент ҳайвонот боғида орангутан Цезарда саратон аниқланди / Фото: видеодан кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент ҳайвонот боғининг машҳур жониворларидан бири — Цезарь исмли орангутанда суяк тўқимасининг хавфли ўсмаси, яъни остеосаркома аниқланди. Бу ҳақда Тошкент ҳайвонот боғи хабар берди.

Ташхис ҳайвонот боғи мутахассислари томонидан қўйилган. Қўшимча маслаҳат олиш учун улар хорижлик ҳамкасбларига ҳам мурожаат қилган ва улар текширув натижаларини тасдиқлаган.

Ҳайвонот боғи маълум қилишича, айни пайтда Цезарга алоҳида ғамхўрлик, эътибор ва тиббий ёрдам зарур. Ходимлар унга қулай шароит яратиш ва одатий муҳитини сақлаб қолиш учун қўлларидан келган барча ишни амалга ошириш ниятида.

Муассаса вакилларининг таъкидлашича, ҳайвон учун ўзига таниш инсонлар ёнида бўлиш муҳим. Шу боис Цезарга кўп йиллардан буён ғамхўрлик қилиб келаётган ходимлар уни парваришлашда давом этади.

Орангутан ҳаётида Машкура опанинг ўрни алоҳида. У Цезарни катта қилган, овқатлантирган ва парваришлаган, жумладан, тунлари ухламай унинг ҳолидан хабар олган. Ҳайвонот боғи, шунингдек, Цезарь ўзларига яқин ва севимли жонзотга айланган киперлар, ходимлар ҳамда раҳбариятнинг меҳнатини ҳам алоҳида қайд этди.

Орангутан ёнида кўп йиллардан буён бўлиб келаётган Маҳмуд Қўзибоев ҳам унинг аҳволидан қаттиқ ташвишда. У Цезарнинг оғир ташхиси ҳақида ҳайвонот боғига ташриф буюрувчилар ва унинг мухлисларига хабар беришга мажбур бўлди.

Ҳайвонот боғи вакиллари Цезарнинг аҳволига кўпчилик қизиқиши, уни кўриш учун келиши ва ҳаётини кузатиб бориши сабабли касаллик ҳақида очиқ маълумот беришга қарор қилганини тушунтирди.

Муассаса ходимлари Цезарь эътибор ва зарур ёрдамсиз қолмаслигини таъкидлади. Улар орангутан учун имкон қадар кўпроқ осойишта ва яхши кунларни таъминлай олишга умид қилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.