7
Туризм

National Geographic Ўзбекистонни истиқболли чанғи туризми йўналиши деб атади

National Geographic Ўзбекистонни истиқболли чанғи туризми йўналиши деб атади
National Geographic Ўзбекистонни истиқболли чанғи туризми йўналиши деб атади / Фото: National Geographic Traveller (UK).

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Буюк Британиянинг National Geographic Traveller (UK) нашри Ўзбекистондаги «Амирсой» тоғ-чанғи курорти ва мамлакатда қишки туризмни ривожлантириш салоҳияти ҳақида мақола эълон қилди.

«Ўзбекистон — чанғи туризми учун янги истиқболли йўналишми?» сарлавҳали материални журналист Майк МакИчерен тайёрлаган. Муаллиф Тошкент вилоятидаги курортга ташрифи давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, мамлакатда қишки дам олиш соҳаси ривожи ҳақида ҳикоя қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.

Нашрда қайд этилишича, «Амирсой» курорти 85 миллион фунт стерлинг миқдоридаги инвестициядан сўнг 2019 йилда очилган. У Тошкентдан шимоли-шарққа томон тахминан 40 мил масофада, Чотқол тизмаси тоғларида жойлашган.

Муаллиф мажмуанинг замонавий инфратузилмаси, канат йўллари, чанғи учиш учун тайёрланган трассалари ва янги ёққан қор устида учиш имкониятларига эътибор қаратган.

Унинг баҳолашича, «Амирсой»нинг ривожланиши Марказий Осиёда тоғ-чанғи туризми ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирмоқда ҳамда Европанинг анъанавий курортларидан ташқарида янги йўналишларни излаётган саёҳатчилар эътиборини жалб қилмоқда.

Мақолада курортдаги туристик фаоллик ҳақида ҳам сўз боради. Бу ерга чанғи ва сноуборд учишни хуш кўрувчилардан ташқари, тоғ манзараларидан баҳраманд бўлиш ва баландликда дам олиш учун канат йўли орқали юқорига кўтариладиган сайёҳлар ҳам ташриф буюради.

Ҳудуднинг табиий хусусиятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Курорт Угом-Чотқол миллий боғи ҳудудида, баландлиги 3 309 метр бўлган Катта Чимён яқинида жойлашган. Нашрда, шунингдек, Ўзбекистондаги энг қадимий тоғ-чанғи марказларидан бири бўлган ва совет даврида ташкил этилган Чимғон ҳам тилга олинган.

Журналистнинг таъкидлашича, «Амирсой»нинг замонавий инфратузилмаси ҳудуддаги қишки дам олиш учун мўлжалланган аввалги объектлардан сезиларли даражада фарқ қилади.

Жумладан, курортда гондола туридаги канат йўли ва меҳмонхона инфратузилмаси, шунингдек, ёғочдан қурилган шалелар ҳамда апартаментлар мавжуд.

Мақолада Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланишига оид маълумотлар ҳам келтирилган. Нашр маълумотларига кўра, 100 та мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириш имкониятига эга. 2025 йилда эса мамлакатга рекорд даражада — 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган.

Қишки спорт турлари билан шуғулланувчи маҳаллий ҳамжамият вакили, сноубордчи ва тоғ фотографи Роман Валиев нашрга Марказий Осиёда қишки спорт турларига қизиқиш ортиб бораётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, «Амирсой»нинг ривожланиши маҳаллий аҳоли ва хорижий саёҳатчилар орасида тоғларда дам олишни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.

Муаллиф курорт муҳитини ҳам тасвирлаган. Бу ерда ташриф буюрувчилар қияликларда вақт ўтказади, қишки спорт турлари билан танишади ва тоғ қишлоғида дам олади.

Мақолада ресторанлар, меҳмонхоналар, турк ҳаммоми ва ёғоч шалелар ҳам тилга олинган.

National Geographic Traveller (UK) нашрининг қайд этишича, «Амирсой» Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий туризм, балки қишки дам олиш йўналиши сифатидаги янги қиёфасини ҳам шакллантириб бормоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.