Шошилинч
7
Молия

«Капитал бозори тўғрисида»ги қонун Сенатга юборилди

«Капитал бозори тўғрисида»ги қонун Сенатга юборилди
«Капитал бозори тўғрисида»ги қонун Сенатга юборилди / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди ва кўриб чиқиш учун Сенатга юборди.

Ҳужжат капитал бозорини ҳуқуқий тартибга солиш тизимини янгилаш, инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳалол рақобатни ривожлантиришни назарда тутади. Шунингдек, операцияларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш ҳам қонун лойиҳасининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Қонун лойиҳаси капитал бозори инструментлари рўйхатини кенгайтиради. Жумладан, унда ҳосилавий молиявий инструментлар, қопланган облигациялар, секьюритизация инструментлари, сукук ва барқарор ривожланиш облигацияларини чиқариш ҳамда муомалага киритиш бўйича нормалар белгиланмоқда.

Ҳужжатнинг алоҳида қоидалари клиринг ва кастодиал хизматларга бағишланган. Унда ушбу хизматларни кўрсатиш тартиби ҳамда уларни етказиб берувчиларга қўйиладиган талаблар белгиланади.

Таклиф этилаётган ўзгартишлар капитал бозори инфратузилмаси ва унинг профессионал иштирокчилари фаолиятини ҳам қамраб олади. Қонун лойиҳасида ахборотни ошкор қилиш қоидаларини такомиллаштириш, тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш назарда тутилган.

Депутатларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши инвесторлар ишончини ошириш ҳамда мамлакат иқтисодиётига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш имконини беради.

Бундан ташқари, корхоналарнинг узоқ муддатли молиялаштириш маблағларини жалб қилиш имкониятлари кенгаяди. Бу эса иқтисодиётни молиялаштиришда капитал бозорининг ролини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.