Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг III чорагида Ўзбекистонда А тоифали омборларнинг ижара ставкаси АҚШдаги ўртача кўрсаткичдан 22–29 фоиз юқори бўлди. Бу ҳақда IBC Global халқаро консалтинг компанияси тадқиқотида маълум қилинган.
2026 йилнинг III чорагида Ўзбекистонда А тоифали омборларни ижарага олишнинг сўралаётган ставкалари АҚШдаги ўртача кўрсаткичлардан 22–29 фоиз юқори бўлди. Бу ҳақда IBC Global халқаро консалтинг компанияси тадқиқотида сўз боради.
Ўзбекистонда омборларнинг йиллик ижара ҳақи бир квадрат метр учун 146 долларни, Қозоғистонда эса 133 долларни ташкил этди. Таққослаш учун, CBRE маълумотларига кўра, АҚШда ўртача ижара ставкалари 120 долларга, JLL баҳоларига кўра эса 114 долларга тенг бўлган.
Барча кўрсаткичлар қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва эксплуатация харажатларини ҳисобга олмаган ҳолда келтирилган.
Бозорларни таққослаш учун IBC Global Ўзбекистон ва Қозоғистон бўйича ўз маълумотларидан, шунингдек, АҚШ бозори юзасидан CBRE, JLL ва NAI James E. Hanson тадқиқотларидан фойдаланган. Америкадаги ижара ставкалари бир йилда бир квадрат метр учун доллар ҳисобида қайта ҳисобланган.
IBC Global бошқарувчи ҳамкори Станислав Аҳмедзяновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қозоғистонда сифатли омбор биноларини ижарага олиш Америка бозоридаги ўртача кўрсаткичларга нисбатан қимматроқ. Шу билан бирга, АҚШнинг айрим йирик логистика марказларида ижара ставкалари бундан ҳам юқори.
У, шунингдек, таҳлил учун олинган маълумотлар тўпламидаги фарқларга эътибор қаратди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда таҳлил фақат А тоифали омборларни қамраб олган бўлса, АҚШдаги ўртача кўрсаткичларга барча тоифадаги саноат кўчмас мулки объектлари киритилган.
АҚШнинг айрим логистика марказларида ижара ставкалари Марказий Осиё кўрсаткичларидан юқори. NAI James E. Hanson маълумотларига кўра, Шимолий Нью-Жерсида А тоифали омборларнинг йиллик ижара ҳақи бир квадрат метр учун 173 долларни ташкил этган.
CBRE маълумотларига мувофиқ, Калифорниядаги Инленд-Эмпайр ҳудудида бу кўрсаткич йилига бир квадрат метр учун 140 долларга етган. Бу Ўзбекистондаги кўрсаткичдан паст, аммо Қозоғистондаги ижара ставкасидан юқори.
Марказий Осиёда сифатли омбор кўчмас мулки бозори ҳануз шаклланиш босқичида, бироқ у бир маромда ривожланмаяпти.
Ўзбекистонда омбор майдонлари таклифи ҳозирча талаб ўсишидан ортда қолмоқда. Бу эса ижара ставкаларининг юқори даражада сақланиб қолишига олиб келмоқда. IBC Global қурилишни чеклаётган омиллар қаторида Тошкент агломерациясида ер участкаларининг мавжудлиги ва уларнинг қийматини қайд этган.
Гап рухсат этилган фойдаланиш тури ва муҳандислик тармоқларига уланиш имконияти нуқтаи назаридан омборлар қуришга мос келадиган ер участкалари ҳақида бормоқда.
Қозоғистонда эса янги объектлар қурилиши ижарачилар учун рақобатни кучайтирмоқда.
Келгусида ижара ставкаларининг ўзгариши янги омбор майдонларини фойдаланишга топшириш суръатларига боғлиқ бўлади. Омборлар тақчиллиги сақланиб қоладиган бозорларда талаб ижара ставкаларини юқори даражада ушлаб туришда давом этади. Агар таклиф талабга нисбатан тезроқ ўсса, ижара нархлари барқарорлашиши учун шароит юзага келиши мумкин.