Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ўртасидаги маъмурий-ҳудудий чегарани тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қабул қилди. Чегаранинг умумий узунлиги 209,15 километрни ташкил этади.
Чегара чизиғини белгилашда замонавий картографик материаллар, аэросуратлар ҳамда давлат координаталар тизимига боғланган топографик хариталардан фойдаланилди.
Лойиҳа муаллифлари ердан фойдаланувчилар фойдаланадиган яйлов ва лалми ер участкаларининг яхлитлигини сақлаш заруратини ҳисобга олди. Чегара чизиғини белгилашда табиий рельеф элементлари ҳам инобатга олинди.
Ҳужжатни кўриб чиқиш жараёнида тақдим этилган маълумотларга кўра, бундай чегаралаш ер муносабатларида келишмовчиликлар юзага келиш хавфини камайтиришга қаратилган.
Чегарани тасдиқлаш ер ҳисоби ва кадастр маълумотларини аниқлаштириш билан ҳам боғлиқ. Чегара чизиғининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши туманлар ва шаҳарлар ҳудудларини, ер участкалари ҳамда кўчмас мулк объектларини ҳисобга олиш маълумотларини янада аниқлаштириш учун асос яратади.
Қарор қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорларга ер ҳамда кадастр муносабатлари соҳасида хизмат кўрсатишда юзага келаётган ноқулайликларни бартараф этишга ёрдам бериши кутилмоқда. Ҳужжатда давлат органларининг ҳудудий ваколатларини ҳам аниқ чегаралаш назарда тутилган.