Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 3 ноябрь куни Вьетнам ташқи ишлар вазири Ле Хоай Чунг билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари маълум қилишича, суҳбат давомида томонлар икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, туристик алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташқи ишлар вазирлари БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашди.
Мулоқот якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришни давом эттириш ҳамда уларни аниқ амалий натижалар билан бойитишга тайёр эканини тасдиқлади.