Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь–октябрь ойларида Хитой автомобиль брендларининг Ўзбекистон бозоридаги улуши 18,4 фоизга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоиз пунктга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Автомобиль бизнеси ассоциацияси хабар берди.
Октябрь ойида мамлакатда 36 176 та янги автомобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан қарийб 12 фоизга кам, бироқ сентябрь ойидаги кўрсаткичдан 6,3 фоизга кўпдир.
2026 йилнинг дастлабки ўн ойида янги автомобиллар савдоси 318 949 донани ташкил этди. 2025 йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсаткич 22 257 тага ёки 6,5 фоизга камайган.
Бозордаги умумий қисқаришга қарамай, январь–октябрь ойларида Хитой автомобиль брендлари савдоси 48,2 фоизга ошди.
Ўн ой якунларига кўра, Chevrolet 74 фоизлик улуш билан бозордаги етакчиликни сақлаб қолди. Бироқ унинг улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,8 фоиз пунктга камайди.
Иккинчи ўринни 12,3 фоизлик улуш билан ADM Global эгаллади. Компания улуши 1,5 фоиз пунктга ошган. Учинчи ўринда эса 10,7 фоиз кўрсаткич билан BYD қайд этилди. Бу ўтган йилги даражадан 5,1 фоиз пунктга юқори.
Октябрь ойида сентябрга нисбатан Soueast автомобиллари савдоси 75,3 фоизга, Geely — 29,8 фоизга, Chevrolet — 13,4 фоизга, Chery эса 9,1 фоизга ошди.
Энг сезиларли пасайиш Deepal автомобилларида кузатилиб, савдо 62,7 фоизга камайди. Шунингдек, Changan савдоси 61,3 фоизга, Li Xiang — 51,4 фоизга, Haval эса 47,1 фоизга қисқарди.
Алоҳида моделлар орасида сотувлар сони бўйича энг катта ўсиш Chevrolet Cobalt ҳиссасига тўғри келди — 2 175 та автомобиль. Кейинги ўринларда Chevrolet Damas — 1 843 та, BYD Song Plus DM-i Champion — 496 та, BYD Yuan Up DM-i — 246 та ва Soueast S08 DM — 195 та автомобил билан қайд этилди.
Айни пайтда BYD Chazor Champion савдоси 820 тага, Kia Sonet — 506 тага, Chevrolet Tracker — 456 тага, Haval Jolion — 325 тага ва Chevrolet Labo — 268 тага камайди.
Ҳудудлар кесимида ўн ой давомида энг кўп янги автомобиль Тошкент шаҳрида сотилди — 92 567 та. Кейинги ўринларни 25 899 та автомобиль билан Самарқанд вилояти ва 25 132 та автомобиль билан Фарғона вилояти эгаллади.
Энг кам савдо ҳажми Қорақалпоғистон Республикасида — 9 384 та, Сирдарё вилоятида эса 4 952 та автомобилни ташкил этди.