Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона Қўшма Штатлар билан энергия сақлаш лойиҳасини амалга оширмоқда

UzDaily · 18.06.2026 · 16:20 · 25 views
Фарғона Қўшма Штатлар билан энергия сақлаш лойиҳасини амалга оширмоқда

Фарғона Қўшма Штатлар билан энергия сақлаш лойиҳасини амалга оширмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий давлатларнинг нуфузли компаниялари вакиллари билан қатор самарали учрашувлар ўтказилмоқда.

Учрашувлар натижасида ўзаро манфаатли келишувларга эришилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ва АҚШнинг "PRAK Energy Inc" компанияси ўртасида энергетика соҳасида шериклик муносабатларини ривожлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат Фарғона вилоятида GRAVIENT технологиясидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш бўйича пилот лойиҳани жадал амалга оширишда ҳамкорликни назарда тутади.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва компания вакиллари иштирокида ўтказилган мулоқотда лойиҳа бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

GRAVIENT — оғир юкларни кўтариш ва тушириш тамойилига асосланган замонавий гравитацион энергия сақлаш технологиясидир. Электр энергияси ортиқча бўлган даврларда тизим ушбу энергиядан юкларни юқорига кўтариш учун фойдаланади, энергия ишлаб чиқариш зарурати туғилганда эса юклар пастга туширилиб, тўпланган потенциал энергия қайтадан электр энергиясига айлантирилади. Ушбу технология электр энергетика тизимини барқарорлаштириш, унинг мослашувчанлигини ошириш, юқори юклама даврларини юмшатиш ҳамда қайта энергия манбаларини самарали интеграция қилиш имконини беради.

UzDaily · 👁 25 views · 18.06.2026 · 16:20