Ўзбекистон

Антальяда COP31: иқлим кун тартиби ва Ўзбекистон учун имкониятлар

Антальяда COP31: иқлим кун тартиби ва Ўзбекистон учун имкониятлар
Антальяда COP31: иқлим кун тартиби ва Ўзбекистон учун имкониятлар / Фото: COP31.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонларининг 31-конференцияси (COP31) 2026 йил 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталья шаҳрида бўлиб ўтади.

Анжуман иқлим билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф этиш чораларини муҳокама қилиш учун давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият, бизнес ва фуқаролик жамияти вакилларини бир майдонга жамлаши кутилмоқда.

Конференция кун тартибидан Париж битимини амалга ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, иқлимни молиялаштириш ва халқаро ҳамкорлик масалалари ўрин олади.

Асосий тадбирлардан бири 11–12 ноябрь кунларига белгиланган иқлим бўйича чора-тадбирларга бағишланган жаҳон етакчилари саммити бўлади.

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари миллий иқлим устуворликлари, халқаро мажбуриятларни бажариш ҳамда иқлим соҳасидаги ўзгаришларни жадаллаштириш имкониятларини муҳокама қилади.

COP31 дастури энергетика, барқарор қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, биохилма-хилликни сақлаш, шаҳарларни ривожлантириш ва экологик технологияларни жорий этиш масалаларини қамраб олади. Алоҳида тематик кунлар иқлимни молиялаштириш ва яшил инвестициялар, транспорт, айланма иқтисодиёт, ёшлар ва таълим, илмий ишланмалар, саноат инновациялари, сув экотизимлари ҳамда барқарор туризмга бағишланади.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва иқлим ўзгаришига мослашиш муаммолари алоҳида аҳамиятга эга.

COP31 доирасидаги муҳокамалар халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва экологик лойиҳаларга инвестиция жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин. Истиқболли йўналишлар қаторига сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, экотизимларни тиклаш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини ошириш киради.

Иқлим муаммоларига ечимлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этишда илмий ҳамжамият, ёшлар ва бизнес ҳам муҳим ўрин тутади.

Асосий масалалардан бири халқаро мажбуриятлардан амалий натижаларга ўтиш бўлади. Иқлим мақсадларига эришиш учун молиялаштириш имкониятларининг очиқлиги, технологияларни ривожлантириш ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш талаб этилади.

Ўзбекистон учун COP31 миллий экологик ташаббусларни тақдим этиш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳамда иқлим муаммоларини ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмларини ўрганиш имконияти бўлади.

Конференциянинг муваффақияти нафақат эришилган келишувларга, балки уларнинг амалиётда қай даражада самарали бажарилишига ҳам боғлиқ бўлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.