Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси Жанубий Кореяга амалий ташриф доирасида AHA Co., Ltd технологик компанияси фаолияти билан танишди. Томонлар компаниянинг замонавий ишланмалари ва уларни Фарғона вилоятида жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Делегация вакилларига AHA Co., Ltd компаниясининг асосий фаолият йўналишлари, технологик ишланмалари ҳамда ички ва халқаро бозорларда тақдим этилаётган маҳсулотлари таништирилди. Хусусан, делегация электрон ва интерактив доскалар, электрон трибуналар, таълим соҳаси учун рақамли ечимлар, ҳавони тозалаш ва зарарсизлантириш ускуналари, шунингдек, электромобилларни тезкор ва стандарт усулда қувватлаш қурилмалари билан танишди.
AHA Co., Ltd электрон технологиялар соҳасида фаолият юритади. Компаниянинг асосий йўналишлари қаторига EdTech, соғлиқни сақлаш соҳасидаги технологиялар ҳамда электромобилларни қувватлаш инфратузилмаси киради. Компания 1995 йилда ўз фаолиятини бошлаган, 1999 йилда эса юридик шахс сифатида қайта ташкил этилган. Айни пайтда AHA Co., Ltd Жанубий Кореянинг KONEX бозорида рўйхатдан ўтган.
Компания турли қувватдаги электромобиллар учун тезкор ва стандарт қувватлашга мўлжалланган қурилмалар ишлаб чиқаради. AHA Co., Ltd’нинг айрим қувватлаш станциялари халқаро OCPP стандартига мувофиқ сертификатланган.
Компания Фарғона вилоятида ўз лойиҳасини амалга оширишни аллақачон бошлаган. AHA Co., Ltd раҳбари Ку Ги До ҳудудда ташкил этилаётган корхонада электромобиллар учун қувватлаш қурилмаларини ўрнатиш режалари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида замонавий технологияларни жорий этиш ва лойиҳани босқичма-босқич ривожлантириш кўзда тутилмоқда.