2026 йилда энергия самарадорлиги янада оширилади

2026 йилда энергия самарадорлиги янада оширилади

2026 йилда энергия самарадорлиги янада оширилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг янги қуриладиган, реконструкция (модернизация) қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган бино ва иншоотларида энергия самарадорлигининг “С” ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилади.

Электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.

Энергия самарадорлиги миллий агентлигига Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали энергия сервис компаниялари (ЭСКО) томонидан давлат буюртмалари асосида кўрсатиладиган энергия сервис хизматлари учун кафолатланган тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

2026 йилдан ҳар йили энергия сарфи белгиланган нормативлардан кескин ошиб кетган давлат объектларида халқаро стандартлар ва энергия сервис механизмлари асосида энергия самарадорлигини тубдан яхшилаш дастурлари амалга оширилади.

2026 йил 1 октябрга қадар объектлар кесимида катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data), бизнес-таҳлил (Business Intellegence) ва сунъий интеллект технологиялари асосида энергия истеъмолини ва самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Фармонга кўра, ҳар ярим йилда иқтисодиётнинг энергия сиғимини ҳисоблаш ва тегишли маълумотларни эълон қилиб бориш амалиёти жорий қилинади.

2026 йил 1 сентябргача олий таълим ташкилотлари учун энергия самарадорлиги ҳамда энергия тежамкорлигига оид амалий билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган мавзулар тегишли фанларнинг ўқув дастурларига киритилади ва амалиётга жорий этилади.

2026/2027 ўқув йилидан мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида тегишлича тарбияланувчи, ўқувчи ва талабаларда энергия тежамкорлиги бўйича билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тадбирлар ташкил этиб борилади.

Иқтиcодиёт тармоқлари корхоналари ва тегишли вазирлик, идоралар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда техника йўналишидаги олий таълим ташкилотларининг “70710410 – Энергия тежамкорлиги ва энергоаудит” магистратура мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилиш параметрлари 2026/2027 ўқув йили учун 25 фоизга оширилади.

Фармон билан тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлар ва уларга эришиш тадбирлари бажарилишининг назорати “Энергия тежамкорлик” платформаси орқали юритилади.

Кундалик ҳаётда энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш кўникмаларини сингдиришга қаратилган “Энергия самарадорлиги – фаровон ҳаёт гарови” умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйилади ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилади.

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг