Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида сунъий кўл ва замонавий дам олиш инфратузилмасига эга янги боғ барпо этиш лойиҳаси амалга оширила бошланди.
Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, жамоат ҳудуди Келес йўли кўчасида, Кичик ҳалқа автомобиль йўли билан Қорақамиш кўчаси оралиғида ташкил этилиши режалаштирилган.
Лойиҳага мувофиқ, сунъий кўлнинг майдони 5 017 квадрат метр, чуқурлиги 2 метр, умумий сув ҳажми эса 10 минг куб метрни ташкил этади.
Боғ ҳудудида умумий узунлиги 2 километр бўлган пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, 200 туп янги дарахт экиш режалаштирилган.
Туман ҳокимлиги таъкидлашича, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давомида мавжуд кўп йиллик дарахтлар ўз жойида сақлаб қолинади. Айрим кичик дарахтлар эса мутахассислар назорати остида бошқа мос ҳудудларга кўчириб ўтказилади.
Лойиҳа ҳудудни ободонлаштириш ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган. Ишлар якунланганидан сўнг боғ туман аҳолиси ва меҳмонлари учун дам олиш масканига айланиши кутилмоқда. Хабарда қурилишни якунлаш муддатлари аниқ кўрсатилмаган.