Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкент шаҳри ва Сергели туманини ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди

UzDaily таҳририяти · 04.07.2026 · 18:07 · 26 views
Тошкент шаҳри ва Сергели туманини ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент шаҳри ва Сергели туманини ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди

 

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Сергели туманида катта ўзгаришлар амалга ошганини таъкидлади. Яқин-яқингача пойтахтнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Сергелида аҳоли ишлаш, даромад топиш, дам олиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш учун асосан шаҳар марказига боришга мажбур эди.

Бугун эса туманда муҳит ва одамларнинг яшаш тарзи тубдан ўзгарди. Сўнгги ўн йилда бу ерда 30 минг хонадонли янги уй-жойлар, умумий майдони 2 миллион квадрат метр бўлган саноат, савдо ва сервис объектлари барпо қилинди.

Тадбиркорлар сони 2,5 мингтадан 6 минг 200 тага кўпайди. Туманда шаклланган бюджет тушумлари 382 миллиард сўмдан 2 триллион 200 миллиард сўмга, яъни 5,5 баробар ошди. Аҳоли учун 5 та йирик дам олиш маскани ва истироҳат боғлари ишга туширилди.

Тошкент вилоятидан ўтган 13 та маҳалла ҳисобидан Сергели тумани ҳудуди 1 минг 800 гектарга кенгайиб, жами 5,6 минг гектарга етди. Туманни бошқа ҳудудлар ва шаҳар маркази билан боғлайдиган 9 километрлик йўл, 8 та станциядан иборат янги метро линияси бунёд этилди.

Мактаб ўринлари 25 мингдан 38,5 мингга, боғча ўринлари 7,5 мингдан 15,5 мингга кўпайди. 50 та давлат ва хусусий клиника очилди.

Шу билан бирга, транспорт, йўл, электр, сув ва канализация каби инфратузилма тармоқларини яхшилаш бўйича ечимини кутаётган масалалар ҳали кўплиги таъкидланди.

Аҳолини хатловдан ўтказиш бўйича дастлабки натижалар Сергели туманидаги реал вазиятни аниқ кўрсатди. Илгари туман аҳолиси 181 минг нафар деб юритилган бўлса, хатлов натижасига кўра, ҳудудда аслида 236 мингга яқин аҳоли яшаётгани маълум бўлди. Яқин йилларда Сергели аҳолиси 300 минг нафардан ортиши кутилмоқда.

Шу боис, раҳбарларда уй-жой, боғча, мактаб, поликлиника ва иш ўринларини аҳоли ўсишига мос равишда кўпайтириш бўйича ҳозирдан аниқ режа ва дастур бўлиши зарурлиги билдирилди.

Бу йил Сергелини ривожлантириш учун бюджетдан 173 миллиард сўм, банклар орқали 2 триллион 200 миллиард сўм ресурс ажратилган. Туман ҳокими ва мутасаддиларга ушбу маблағларни самарали ишлатиб, қўшилган қийматни 2-3 карра ошириш бўйича режаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда пойтахт туманлари жами 9 миллиард долларлик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириши белгиланган. Сергелининг ўзига ўтган беш ойда 236 миллион доллар инвестиция киритилди. Йил якунигача 60 та лойиҳани бошлаш ҳисобидан яна 750 миллион доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

Пойтахт шароитида саноат лойиҳаларини жойлаштиришда ер масаласи энг катта муаммо экани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, “Янги авлод” саноат зонасидан пойтахтнинг 12 та туманига жой ажратиш ҳамда инвестиция, саноат, иш ўрни, экспорт ва бюджет тушуми кўрсаткичларини лойиҳа қилган туманнинг ўзига ёзиш тизимини жорий этиш топширилди.

Йиғилишда ер устидан ўтган метро йўналиши остида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш тажрибаси ҳам кўриб чиқилди. Бунда давлат ердан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга чиқариб, лойиҳа ва инфратузилмасини тайёрлаб беради, қолганини тадбиркорлар амалга оширади.

Сергелида метро линиясининг яна 8,5 километр қисмида шундай ишлар якунига етказилса, 137 та савдо-сервис объекти, 1-1,5 мингта иш ўрни яратилади, туман бюджетига 20-25 миллиард сўм қўшимча тушум тушади.

Умуман, ер усти метро линиясининг Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 23 километр ҳудудида бундай лойиҳалар амалга оширилса, яна 400 та тадбиркор бизнес бошлаб, 3 мингта иш ўрни яратиши мумкин.

Ерларни қурилишга рухсат, архитектура-режалаштириш топшириғи ва лойиҳаси билан бирга тайёр пакет шаклида аукционга чиқариш бўйича Сергелида янги тажриба бошланди. Давлатимиз раҳбари мазкур тажрибани нафақат ер участкалари, балки сотувга қўйилаётган давлат объектлари ва саноат зоналарига ҳам татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.

Тошкент вилояти ҳудудидан олти йил олдин Сергелига қўшилган 13 та маҳаллада 14,5 минг хонадон бор, уларда 50 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Лекин бу ҳудудлар аҳолиси ҳалигача шаҳар муҳитини тўлиқ ҳис қилгани йўқ.

Мазкур маҳаллаларда ёритиш учун 629 та темир-бетон устун ўрнатилиб, кабель тортилган. Аммо тизим ҳали ишга тушмагани танқид қилинди. Мутасаддиларга ўн кун муддатда ушбу масалани ҳал қилиш топширилди. Шунингдек, йил якунигача ушбу маҳаллаларни канализация тармоғига тўлиқ улаш вазифаси қўйилди.

Сергели туманида аҳоли ва тадбиркорларнинг сони ошгани сабабли электр энергиясига йиллик талаб беш йилда 40 фоизга кўпайди. Айрим маҳаллаларда электр кучланиши меъёрдан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилди.

“Шаҳаролди”, “Ўзгариш” ва “Қумариқ” нимстанцияларини ишга тушириш учун жами 107 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга ушбу объектларни аниқ муддатларда ишга тушириш ва аҳолига кафолатли электр таъминотини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.

Умуман, пойтахтнинг Бектемир, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларига ўтган 46 та маҳаллада электр, сув, канализация ва йўл бўйича бирорта ҳал этилмаган масала қолмаслиги кераклиги таъкидланди.

Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини қийнаб келаётган яна бир масала – сув тозалаш иншооти атрофидаги бадбўй ҳиддир. Мутасаддиларга 1 сентябргача оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиб, мазкур муаммони бартараф этиш топширилди.

Келгуси йилдан Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бунинг ҳисобидан Сергелидаги сув тозалаш иншоотига юклама кескин камаяди.

Жорий йил аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Сергелининг асосий 23 километр йўлида ҳаракат хавфсизлиги қайта кўриб чиқилмоқда. Чорраҳаларга 455 та “ақлли” светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланиб, 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил қилинади.

Келаси йил Янги Сергели кўчасида автобуслар учун 5,5 километрлик BRT йўлак қуриш режалаштирилган. Бу йўлак Шота Руставели кўчаси билан боғланади. Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Йил бошидан буён Тошкент шаҳрига қарийб 3 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг кўпчилиги тарихий обидалар, истироҳат боғлари, бозорлар, кафе-ресторанлар ва туристик маҳаллаларга пиёда бориб, хотиржам сайр қилишни истайди.

Бунинг учун йўл кўрсаткичлари, қулай маршрутлар ва рақамли хариталар зарурлиги қайд этилди. Мутасаддиларга автобус бекатлари, вокзал, аэропорт ва метро станцияларида сайёҳлар учун шаҳар маршрутларини кўрсатувчи, телефонга бепул ва осон юклаб олинадиган хариталарни жорий этиш топширилди.

Шунингдек, пойтахт меҳмонлари ва сайрга чиққан аҳоли учун ҳожатхоналар етишмаслиги қайд этилди. Бир ой муддатда алоҳида дастур ишлаб чиқиб, шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15-20 та замонавий ҳожатхона қуриш учун ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди. Чиқинди қутиларини кескин кўпайтириш бўйича ҳам чоралар кўрилади.

Сергелидаги айрим мактаблар қувватидан 1,5-2 карра юқори юкламада ишламоқда. Йиғилишда мактабларда ўқувчи ўрнини 2 карра кўпайтириш имконини берадиган янги типдаги мактаблар қуриш лойиҳаси таклиф қилинди.

Янги лойиҳага кўра, спорт зали, ошхона ва устахона ертўлада жойлашади, юқори қаватлардан эса синфхоналар сифатида фойдаланилади. Бу йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу ёндашувни жорий этиб, “пойтахт тажрибаси”ни яратиш топширилди.

Пойтахтда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шундан 3 таси Сергелида – Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади.

Ушбу кўлларни пойтахт иқлимини мўътадил сақлашга, одамлар пиёда сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришига хизмат қиладиган масканларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, “Жўн” каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километр қисмини бетонлаштириш бошлангани қайд этилди. Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига йил якунигача канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлагини ташкил этиш топширилди.

Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича пойтахт намунасини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Пойтахт туманларига республика раҳбарлари бириктирилгани ўз натижасини бераётгани таъкидланди.

Олти ойда 230 та маҳаллада жиноят содир этилмади, 332 та маҳаллада жиноят кескин қисқарди. Криминоген вазияти ташвишли маҳаллалар сони 60 тадан 23 тага тушди. Бу шаҳарда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувлар самара бераётганини кўрсатмоқда.

Сергели туманида ҳам хавфсиз муҳит яратиш бўйича ижобий натижалар қайд этилди. Криминоген вазияти оғир деб баҳоланган 29 та маҳалла “яшил” тоифага ўтди. 17 та маҳаллада жиноят содир этилмади. Сергели бу борада Тошкент шаҳри туманлари орасида энг яхши натижалардан бирини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари Ўзгариш маҳалласидаги профилактика ишлари бўйича тажрибани оммалаштириш, тумандаги қолган 46 та маҳаллани “яшил” тоифага ўтказиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, ёшлар билан ишлаш бўйича янги ёндашувларни жорий этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Йиғилишда ҳокимлар ва масъулларнинг ахбороти тингланди.