Тошкент "Испания – S5 + Озарбайжон" форумига тайёргарлик кўрмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари Испания Қироллигининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида жорий йил пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилган «Испания–S5+Озарбайжон» халқаро форумига тайёргарлик ишлари ҳамда уни юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур форум аграр соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар, инвесторлар ва ишбилармон доиралар учун янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда замонавий агротехнологияларни жалб қилишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасига илм-фан ва инновацияларни кенг жорий этиш, сув тежамкор технологиялар, интенсив боғдорчилик, озиқ-овқат саноати ҳамда аграр таълим йўналишларида Испаниянинг илғор тажрибасини ўрганишда мазкур форумнинг аҳамияти хусусида ҳам фикр алмашилди.
Томонлар мазкур форум Ўзбекистон ва Испания ўртасида аграр соҳадаги шерикликни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.