Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Арманистон адлия соҳасида ҳамкорликни кучайтиради

Ўзбекистон ва Арманистон адлия соҳасида ҳамкорликни кучайтиради
Ўзбекистон ва Арманистон адлия соҳасида ҳамкорликни кучайтиради / Фото: Адлия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Арманистон адлия соҳасида ҳамда рақамли ҳуқуқий технологиялар йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. 17–18 сентябрь кунлари Арманистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Расмий хабарнома» ОАЖ делегацияси Ўзбекистон Адлия вазирлигига ташриф буюрди.

Ташриф давомида томонлар ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида тажриба алмашди, ARLIS тизими фаолияти ва электрон тизимларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Арманистон делегацияси вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адолат» Миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолияти билан танишди. Меҳмонларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий ва техник қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, марказда жорий этилган замонавий ахборот технологиялари тақдим этилди.

Алоҳида эътибор LegalTech йўналишига қаратилди. Делегацияларга сунъий интеллект асосида ишлайдиган Lex.ai платформаси, «Yurxizmat» тизими ва болалар ҳуқуқлари портали имкониятлари намойиш этилди.

Бундан ташқари, Арманистон вакиллари мультимедиа бўлимига ташриф буюриб, ҳуқуқий ўйинлар лойиҳалари ҳамда Адлия органлари тарихи музейи фаолияти билан танишди.

Ташриф якунлари бўйича «Адолат» Миллий ҳуқуқий ахборот маркази ва «Расмий хабарнома» ОАЖ ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат икки ташкилот ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Арманистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи 20 сентябрга қадар давом этади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.