Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев судга босим ўтказганлик учун жавобгарликни кучайтирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев судга босим ўтказганлик учун жавобгарликни кучайтирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев судга босим ўтказганлик учун жавобгарликни кучайтирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати. / Фото: Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади.

Ҳужжат 2026 йил 24 февралда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 2026 йил 19 майда Сенат томонидан маъқулланган.

Ҳужжат муқаддимасида қайд этилганидек, мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш ҳамда фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини ошириш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Шу муносабат билан судга нисбатан ҳурматсизлик ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарлик чораларини аниқлаштириш зарурати юзага келган.

Жиноят кодекси моддаси аниқлаштирилди

Қонун билан Жиноят кодексининг 236-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Янгиланган нормага кўра, тергов юритилишига аралашиш, яъни муайян ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганишга тўсқинлик қилиш мақсадида терговчи ёки прокурорга ҳар қандай шаклда қонунга хилоф таъсир ўтказиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни муайян ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки адолатсиз қарор, ҳукм, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судья ёки халқ маслаҳатчисига ҳар қандай шаклда қонунга хилоф таъсир ўтказиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар мазкур ҳаракатлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, улар уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш, муайян ҳуқуқдан маҳрум этган ҳолда жазоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 180-моддасига ҳам ўзгартириш киритилди. Модда диспозициясидаги «суд мажлиси вақтида» деган сўзлардан кейин «ёки суд биносида» деган сўзлар билан тўлдирилди.

Шу тариқа судга нисбатан ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарлик нафақат бевосита суд мажлиси вақтида, балки суд биносида тартибни бузганлик ҳолатлари учун ҳам белгиланмоқда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.