Имом Бухорий мажмуаси ёнида беш юлдузли Hadith Hotel очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилоятида янги беш юлдузли Hadith Hotel меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Объект Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида жойлашган бўлиб, асосан маҳаллий ва хорижий зиёратчиларни жойлаштиришга мўлжалланган.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Индонезия Ҳаж ва Умра ишлари вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф, Индонезиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги элчилари, инвесторлар, туризм соҳаси вакиллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирок этди.
Тўрт қаватли Hadith Hotel 120 та хонага эга бўлиб, жами 240 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига мўлжалланган. Хизмат кўрсатишни ташкил этишда халқаро меҳмонхона стандартларидан фойдаланилган. Улар мажмуа муқаддас қадамжо яқинида жойлашганини ҳисобга олган ҳолда миллий меҳмондўстлик анъаналари ва хулқ-атвор қоидалари билан уйғунлаштирилган.
Имом Бухорий мажмуаси Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар мусулмонлари учун муҳим зиёрат марказларидан бири ҳисобланади. Уни ривожлантириш доирасида давлат раҳбари ташаббуси билан ҳудуд кенгайтирилиб, замонавий инфратузилма яратилмоқда. Жумладан, бу ерда бир вақтнинг ўзида 10 минг нафаргача намозхонни сиғдира оладиган масжид барпо этилган.
Шу билан бирга, Индонезиядан зиёратчилар оқими ортиб бормоқда. Бу эса мажмуа атрофида халқаро даражадаги меҳмонхона инфратузилмасига қўшимча талабни шакллантирмоқда.
Hadith Hotel’нинг очилиши мажмуага ташриф буюрувчиларни жойлаштириш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, Самарқанд вилоятида туристик хизматларни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшиши кутилмоқда. Янги объект иш ўринларини яратади, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар учун қўшимча имкониятлар тақдим этади.
Лойиҳа Ўзбекистон ва Индонезиянинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигининг яна бир йўналиши бўлиб, минтақада зиёрат туризми салоҳиятини мустаҳкамлайди.