Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сеулда «Ўзбекистон — Корея минтақалараро форуми» доирасида Ўзбекистоннинг Корея бозоридаги экспорт салоҳиятини намойиш этувчи Made in Uzbekistan миллий кўргазмаси ўтказилмоқда.
Тадбир ташкилотчилари маълум қилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида кўргазмада экспортга йўналтирилган маҳсулотларнинг 69 тури 32 та йирик ишлаб чиқарувчи корхона томонидан намойиш этилмоқда.
Стендларда қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, табиий шарбатлар, зираворлар, дуккакли маҳсулотлар, қандолат маҳсулотлари, миллий таомлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган. Меҳмонлар учун, шунингдек, палов, мошкичири, нохат шўрак, жиз ва қовурдоқдан татиб кўриш имконияти яратилган.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, Корея компаниялари қуритилган мева ва сабзавотлар, ўрик, ёнғоқ, кунжут, қовоқ уруғи мойи, аччиқ қалампир, кашнич, қандолат маҳсулотлари ва салқин ичимликларга қизиқиш билдирмоқда.
Кореянинг савдо компаниялари, жумладан, E-Mart ва Singshun LLP вакиллари билан Ўзбекистон маҳсулотларини Корея бозорига етказиб бериш, савдо ҳажмларини ошириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Кўргазма доирасида B2B учрашувлари ва бизнес-форумлар ҳам ўтказилмоқда. Уларда тадбиркорлар тижорат келишувлари, савдо алоқаларини ривожлантириш ва инвестициявий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Кореядаги Савдо уйи билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр ва қайта ишланган, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни Корея бозорига олиб чиқишнинг янги механизмларини ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.