Иқтисод

Ўзбекистон орқали Хитой — Эрон поезди йўлга қўйилди

Ўзбекистон орқали Хитой — Эрон поезди йўлга қўйилди
Ўзбекистон орқали Хитой — Эрон поезди йўлга қўйилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ҳудуди орқали Хитой — Эрон йўналишида биринчи блок-поезд йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлконтейнер» матбуот хизмати хабар берди.

Янги йўналишни ташкил этишда «Ўзбекистон темир йўллари»нинг таркибий корхонаси иштирок этди. 55 вагондан иборат биринчи поезд автомобиль эҳтиёт қисмлари, халқ истеъмоли моллари ва бошқа йиғма юкларни ташимоқда.

Йўналиш Хитойдаги Чэнсян станциясидан бошланиб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари орқали Сарахс чегара станциясигача давом этади. Йўналишнинг умумий узунлиги 6 минг километрдан ошади.

Таркиб Қозоғистон темир йўллари (КТЖ) томонидан Хоргос — Олтинкўл чегара ўтиш пунктида қабул қилинди. 7 сентябрь куни поезд белгиланган йўналиш бўйича Олтинкўл станциясидан йўлга чиқди.

Кейинги босқичда блок-поезд Келес станцияси орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келади, шундан сўнг Хўжадавлат станцияси орқали Туркманистонга йўл олади. Ҳисоб-китобларга кўра, поезд манзилга 14–16 кун ичида етиб бориши керак.

«Ўзтемирйўлконтейнер» маълум қилишича, келгусида Хитой — Марказий Осиё — Эрон коридори бўйлаб контейнерли блок-поездларни мунтазам ҳаракатлантиришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Жорий йил июнь ойида компания Жануби-Шарқий Осиёдан Тожикистонга юк ташиш бўйича ҳам синов перевозкасини амалга оширган. Пальма мойи ортилган контейнер Малайзиянинг Кланг шаҳридаги портдан Душанбе шаҳрига 32 кунда етказилган. Бунда юк 15 кун денгиз транспортида ва 17 кун темир йўл орқали ташилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.