Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Грузия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди. Қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев, Грузия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, шунингдек, соҳавий илмий-тадқиқот муассасалари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Томонлар асосий эътиборни чорвачилик соҳасида тажриба алмашишга қаратди.
Иштирокчилар соҳани ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ва амалиёт ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, илғор тажрибани ишлаб чиқаришга жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Зайтунзорларни барпо этиш ва етиштириш масалалари ҳам алоҳида йўналиш сифатида кўриб чиқилди. Томонлар Грузия тажрибаси, замонавий агротехнологиялар ва бундай боғларни ташкил этиш ёндашувларини, шунингдек, мевачилик, сабзавотчилик ва боғдорчиликда илмий усулларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Йиғилиш якунлари бўйича иштирокчилар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ва аграр соҳада янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.