Абдумажидов январдан Франциянинг «Брест» клуби футболчиси бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ҳимоячиси Муҳаммадрасул Абдумажидов фаолиятини Франциянинг «Брест» клубида давом эттиради. Футболчи 1 январдан клубга қўшилади. Бу ҳақда «Пахтакор» бош мураббийи Камолиддин Тожиев маълум қилди.
Мураббийнинг сўзларига кўра, томонлар футболчи билан шартнома имзолаб бўлган. Шу билан бирга, Абдумажидов жамоага ёрдам бериш мақсадида жорий мавсум якунига қадар «Пахтакор»да қолишга қарор қилган.
«Муҳаммадрасулнинг ўзи жамоада қолиб, ёрдам беришни хоҳлади», — деди Тожиев.
Аввалроқ Франция клуби «Пахтакор»нинг 22 ёшли ҳимоячисига қизиқиш билдирган эди. Август ойи охирида «Брест» футболчини бир мавсумга ижарага олиш ва кейинчалик уни сотиб олиш имкониятига эга бўлишни истагани ҳақида хабар берилган. Бироқ Тошкент клуби футболчининг ўтишига рози бўлмаган.
Тожиев таклиф эртароқ келганида вазият бошқача бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар тегишли хат олдинроқ келганида, клуб футболчини Францияга қўйиб юборишга рози бўлиши мумкин эди.
«Пахтакор» бош мураббийи бунга мисол сифатида ўтган йили Тошкент клубидан Бельгия жамоасига ўтган Муҳаммадали Ўринбоевни келтирди.