Спорт

Хосе Мария Мендес соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб Ўзбекистон футзал терма жамоасини тарк этди

Хосе Мария Мендес соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб Ўзбекистон футзал терма жамоасини тарк этди
Хосе Мария Мендес соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб Ўзбекистон футзал терма жамоасини тарк этди / Фото: UFA.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Пасос Мендес, «Пульпис» номи билан танилган испаниялик мутахассис, соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар сабаб миллий терма жамоа билан ишлашни якунлаганини маълум қилди.

Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов номига йўллаган мактубида испаниялик мутахассис билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, жамоанинг келгусидаги муваффақиятларига ишонч билдирди.

Мендеснинг сўзларига кўра, кутилмаганда юзага келган соғлиқ муаммолари уни шартномада белгиланган муддатдан анча олдин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилмоқда. Шифокорлар тавсиясига кўра, у маълум вақт профессионал спортдан узоқлашиб, жиддий даволаниш курсидан ўтиши керак.

«Шу муносабат билан ушбу мактубни хайрлашув мактуби сифатида қабул қилишингизни сўрайман», — дейилади мурожаатда.

Терма жамоа билан қисқа муддат ишлаганига қарамай, испаниялик мутахассис Ўзбекистон футзал федерацияси билан ҳамкорлик қилиш имкониятини юқори баҳолашини таъкидлади. Шунингдек, у миллий терма жамоанинг ўйинларини кузатиб бориши ва уни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

Мендес Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга кирита олишига ишонч билдирди. Унинг таъкидлашича, жамоа футболчилари ҳали мухлисларга кўплаб қувончли ва унутилмас лаҳзаларни тақдим этади.

Бундан ташқари, мутахассис зарурат туғилган тақдирда келгуси мураббийлар штабига ёрдам беришга ва ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашишга тайёрлигини маълум қилди.

Мактуб якунида Мендес Бекзод Маматқуловга унинг қарорини тушунгани ва истеъфосини қабул қилгани учун миннатдорлик билдириб, Федерация президентига ва Ўзбекистон футзалига янги ғалабалар ҳамда муваффақиятлар тилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.