Молия

Ўзмиллийбанк ва CICC 250 млн долларлик облигация чиқаришга тайёрланмоқда

Ўзмиллийбанк ва CICC 250 млн долларлик облигация чиқаришга тайёрланмоқда
Ўзмиллийбанк ва CICC 250 млн долларлик облигация чиқаришга тайёрланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) ва China International Capital Corporation (CICC) Осиё капитал бозорида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди.

Келишув Хитой юани ва Ўзбекистон сўмида халқаро облигациялар чиқариш ва уларни Гонконг фонд биржасида листингдан ўтказишни ташкил этишни назарда тутади. Облигацияларнинг умумий қиймати 250 миллион АҚШ долларига тенг бўлади.

Келишувга 2026 йил 9–10 сентябрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Гонконгга ташрифи доирасида эришилди. Битим «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг XI саммити доирасида имзоланди.

Режалаштирилаётган чиқарилиш Ўзмиллийбанкнинг Осиё қарз капитали бозорига илк чиқишларидан бири бўлиб, халқаро қарз маблағларини жалб қилиш географиясини кенгайтириш имконини беради.

Келишувни амалга ошириш, шунингдек, молиялаштириш манбалари ва валюта таркибини диверсификация қилиш, халқаро инвесторлар доирасини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистондаги устувор инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Осиё капитал бозори ресурсларини жалб қилишни назарда тутади.

Янги чиқарилиш Ўзмиллийбанкнинг халқаро капитал бозорларидаги фаолиятининг давоми бўлади. 2020 йилдан буён банк Лондон ва Вена фонд биржаларida жами 1,13 миллиард АҚШ доллари миқдорида учта облигация чиқарган.

Келишув 2026 йилга мўлжалланган давлат инвестиция дастурининг вазифаларига мос келади. Дастурда Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзмиллийбанк томонидан халқаро молия институтларидан 1,5 миллиард АҚШ долларигача маблағ жалб этиш кўзда тутилган.

CICC билан келишув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги молиявий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий қадамлардан бири бўлди. 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард АҚШ долларига яқинлашди. Яқин йиллар учун ушбу кўрсаткични 30 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилиб белгиланган.

Ўзбекистон ва Хитойнинг амалдаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард АҚШ долларини ташкил этади, мамлакатда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Шу шароитда Ўзбекистоннинг Хитой молия институтлари билан ҳамкорлиги кенгайиб, инвестиция лойиҳалари учун капитал жалб қилишнинг янги механизмлари ривожланмоқда.

Ўзмиллийбанк 1991 йилда ташкил этилган. 2025 йил якунларига кўра, банк активлари 12 миллиард АҚШ долларидан, кредит портфели 9 миллиард АҚШ долларидан, жами капитали эса 1,6 миллиард АҚШ долларидан ошган.

China International Capital Corporation 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, инвестиция банки хизматлари, капитал бозорлари ва активларни бошқариш соҳаларида хизмат кўрсатади. Компания халқаро миқёсда, жумладан, Гонконг, Сингапур, Лондон ва Нью-Йоркда фаолият юритади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.