Шавкат Мирзиёев минтақавий инвестициялардаги номутаносибликни танқид қилди
Шавкат Мирзиёев минтақавий инвестициялардаги номутаносибликни танқид қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари асосий масалага ўтишдан аввал ўтган ҳафта юксак савияда ўтказилган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига тўхталди. Форум доирасида хорижий ҳамкорлар билан 43 миллиард долларлик 177 та келишувга эришилганини таъкидлади.
"Ҳар бир келишув лойиҳага, иш ўрнига, юқори қўшилган қийматга айланиши шарт", - деди Президентимиз.
Мутасаддиларга хорижий инвесторлар кўтарган 120 та таклифнинг ечими бўйича қарор киритиш топширилди.
Умуман, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар инвестиция сифати ва самарадорлиги бўйича ёндашувларини ўзгартириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги беш йилда юртимизга киритилган жами инвестициянинг ярми 4 та ҳудудга тўғри келган. Лекин жалб қилинган сармоянинг иқтисодиётга қайтими бўйича ҳудудлар ўртасидаги тафовут катта.
Масалан, 1 миллион сўмлик инвестиция Фарғонанинг ялпи ҳудудий маҳсулотига қўшимча 273 минг сўмлик, Самарқандда 262 минг сўмлик қўшилган қиймат беряпти. Лекин Бухорода бу атиги 117 минг сўм. Яъни ҳудудга олиб келинаётган инвестиция самараси бошқа ҳудудлардан 2 карра паст.
Ҳокимлар қайси туманида қайси тармоқни қандай ривожлантириш, нима лойиҳага инвестиция олиб келса, энг юқори самарадорликка эришишини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклиги қайд этилди.
Бунинг учун иқтисодиётдаги 12 та тармоққа 14 та “ақл маркази” ҳамда 37 та соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар номма-ном бириктирилди.
Мисол учун, қурилиш материаллари тармоғига “ақл маркази” сифатида Макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари маркази ҳамда Материалшунослик институти ва Тошкент архитектура-қурилиш университети бириктирилди.
Улар янги турдаги материалларга талаб, буни қоплаш учун қайси туманда нима лойиҳа қилиш, қандай технологиядан фойдаланиш, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади.
Барча тармоқ раҳбарларига “ақл маркази”, соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар билан ҳар бир туман имкониятини шу ёндашув асосида таҳлил қилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига катта туртки берадиган лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.
Президентимиз қурилиш материаллари соҳасини қурувчининг ишончини қозониб, сифат, стандарт, ассортимент ва нарх бўйича комплекс ечим таклиф қиладиган тармоққа айлантириш лозимлигини таъкидлади.
Бундан 10 йил олдин маҳаллий қурилиш материаллари деганда қум-шағал, ғишт, цемент, ойна ва шифер тушунилар эди. Бу нари борса қурилишда ишлатиладиган жами материалларнинг 35-40 фоизини ташкил қилган.
Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 4 мингдан ортиқ янги замонавий корхоналар ишга тушди.
Цемент, ойна, базальт, керамик буюмлар, газоблок, қуруқ қоришмалар каби асосий турдаги 20 дан ортиқ маҳсулотларга бўлган ички талабни тўлиқ қоплайдиган қувватлар яратилди. Иссиқлик сақловчи, композит материал, экологик пардозлаш материаллари ва пол қопламалари каби юқори қўшилган қийматли янги йўналишлар жадал ривожланмоқда.
Умуман, янги уй-жойлар ва саноат бинолари қуришга керак бўладиган 98 фоиз материалларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг ҳисобига ўтган даврда соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллиондан 53 триллион сўмга ошди. Соҳадаги экспорт ўтган йили 1,2 миллиард долларни ташкил қилди.
Асосийси, ўтган даврда мазкур тармоқ импорт ўрнини қоплашнинг муҳим босқичидан ўтди.
Йил бошида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича катта дастур қабул қилиниб, 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойлар сонини 2 карра ошириб, йилига 280 мингга етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини 61 тадан 120 тага кўпайтириш режа қилинди.
Йилига 20-25 миллион квадрат метрли тижорат бинолари фойдаланишга топшириляпти. Мухтасар айтганда, уй-жой ва тижорат биноларининг ўзигина йилига камида 10 миллиард долларлик қурилиш материалларига талаб яратади.
Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳамкорларга яна 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари таклиф қилинди.
Масалан, Жиззахда атом электр станциясини, Тошкент вилоятида 4-мисни бойитиш фабрикаси, Ўрта Чирчиқда 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга Янги Тошкент аэропорти, Янги Тошкентда 55 минг ўринли футбол стадиони, 282 километрли Тошкент – Самарқанд йўлини қуриш каби йирик лойиҳаларга ҳам биринчи навбатда қурилиш материаллари зарур.
Умуман, йирик лойиҳаларда фойдаланиладиган материалларга стандарт, сифат, сертификат бўйича юқори талаблар қўйилиши табиий. Шу боис, йирик лойиҳаларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлайдиган янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йирик ва мегалойиҳаларга сармоя киритаётган инвесторлар импорт материалларни олиб келишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни сўрайди. Шу билан бирга, бундай лойиҳаларга ўз маҳсулотларини таклиф қилиш истагида юрган маҳаллий корхоналар ҳам кўп.
Улар “Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз маҳаллий маҳсулотларга ҳам қўлланилса, сифат бўйича ҳам, стандарт бўйича ҳам рақобатга тайёрмиз”, демоқда.
Мутасаддиларга йирик ва мегалойиҳаларга импорт ва маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда тенг шароитни таъминлаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Ҳозирда соҳадаги 457 та корхонанинг кредит бўйича муддати ўтган қарздорлиги 3,5 триллион сўмга етгани қайд этилди. Сабаб – ушбу корхоналар чиқараётган маҳсулотлар таннархи қимматлиги, бугунги бозор талабига тўлиқ жавоб бермагани учун харидор топа олмаяпти.
Масъулларга 457 та корхонанинг ҳар бирига бориб, уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қисқа муддатли дастур ишлаб чиқиш, айни мақсадлар учун 50 миллион доллар ресурс ажратиш топширилди.
Мазкур маблағлар мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали таннархни пасайтириш ва бозорда талаб юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
Яқинда ҳудудларда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича икки йиллик катта дастур қабул қилинди.
Дастур доирасида 34 та йирик туризм объекти, 1 мингдан ортиқ жойлаштириш воситаси, хусусан, 200 та меҳмонхона қуриш режа қилинган.
Масалан, Паркентда яқинда очиладиган “Кумушкон ресорт” туризм комплексида 98 фоиз маҳаллий қурилиш материаллари ишлатилмоқда.
Ҳокимлар ҳам ҳудудидаги барпо этилаётган меҳмонхоналарда маҳаллий материаллар улушини камида 95 фоизга етказиши зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун кейинги йил якунига қадар меҳмонхона қуриш ва безатишда фойдаланиладиган лок-бўёқ ишлаб чиқаришни 119 мингдан 150 минг тоннага, сантехникани 1,5 миллиондан 2 миллион донага, ПВХ қувур ва фитингларни 255 мингдан 300 минг тоннага, гулқоғозни 6 миллиондан 7,5 миллион тоннага, декоратив панелларни 15 миллион квадратдан 18 миллион квадрат метрга етказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Янгиликлар янгиланмоқда