Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Савдо-саноат палатаси Термиз савдо маркази орқали Афғонистонга экспортни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

UzDaily · 21.06.2026 · 18:10 · 23 views
Савдо-саноат палатаси Термиз савдо маркази орқали Афғонистонга экспортни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

Савдо-саноат палатаси Термиз савдо маркази орқали Афғонистонга экспортни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси биносида тармоқ уюшмалари раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда "Термиз халқаро савдо маркази" МЧЖ вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Афғонистон йўналишида экспорт фаолиятини кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни ушбу бозорга етказиб бериш ҳажмини ошириш ҳамда тадбиркорлар учун янги савдо имкониятларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан "Термиз халқаро савдо маркази" ҳудудида ташкил этилаётган кўргазма ва савдо тадбирлари ўзбек тадбиркорларининг ташқи бозорларга чиқишига, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга ва икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларини янада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

Учрашув давомида Марказ фаолияти, хусусан экспорт ҳажмини ошириш, хорижий харидорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестициявий жозибадорликни кучайтириш ва ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, тадбиркорларга Марказ ҳудудида доимий шоурумлар ташкил этиш, маҳсулотларини намойиш қилиш ҳамда Афғонистон бозорида ўз иштирокини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик таклифлари илгари сурилди.

UzDaily · 👁 23 views · 21.06.2026 · 18:10